slide1.jpg
slide4.jpg
slide5.jpg
slide2.jpg
slide3.jpg

MTM haqida qanchalik xabardorsiz?

Ha markaz vazifalaridan xabardorman - 83.3%
Ha eshitganmag - 16.7%
Yo`q xabardor emasman - 0%

Ovozlar soni: 6
The voting for this poll has ended on: 11 Apr 2013 - 07:07

 

Hozir onlineda

Hozir saytda 35 mehmon va foydalanuvchi yuq online

Saytlar

www.press-service.uz - Президент матбуот хизмати

http://www.fundngo.uz/ - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ҳузуридаги Нодавлат Нотижорат Ташкилотларини Ва Фуқаролик Жамиятининг Бошқа Институтларини Қўллаб-Қувватлаш Жамоат фонди   

www.uza.uz   Ўзбекистон ахборот агентлиги

www.gov.uz Узбекистон ҳукумат портали

www.lex.uz Ўзбекистон қонунлари, меъёрий ҳужжатлар базаси сайти

www.xs.uz  Халқ сўзи газетаси сайти

www.edu.uz Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайти

www.nimfogo.uz Фуқаролик жамиятини шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти

www.natlib.uz/ - А. Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси

 

Президент Ислом Каримовнинг Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқи

26.04.2013 22:54

Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар!

Қадрли дўстлар!

Авваламбор, сиз, азизлар билан, Андижон аҳли вакиллари, депутатлар ва фаоллари билан кўришиб, барчангизни соғ ва бардам кўриб турганимдан ва шу фурсатдан фойдаланиб, сизларга, сизлар орқали бутун вилоят халқига ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этишдан бахтиёрман.

Мажлисимизнинг кун тартибига ўтишдан олдин, аввало, сиз, Андижон элининг ҳол-аҳволини сўраб, тинч-омон юрганингиздан хабардор бўлиб, барчангизга куч-қувват ва янги омадлар тилаш менга ҳақиқатан ҳам катта хурсандчилик етказади.

Ҳаётимиз қандай шиддат билан ўзгараётганини ҳисобга оладиган бўлсак, сиз ҳурматли юртдошларим билан қанча тез учрашиб туриш, ён-атрофимиздаги аҳвол, пайдо бўлаётган турли муаммолар ҳақида фикр алмашиш, уларнинг ечимини топиш зарурати ва эҳтиёжи кўпайиши табиийдир.

Бугунги учрашувимизга ҳам шу кўз билан қараб, Андижон аҳолисининг ўтган давр мобайнида қўлга киритган ютуқларини сарҳисоб қилиш билан бирга, сизларнинг эртанги кунни қандай кўраётганингиз, режа ва мақсадларингиз билан яқиндан танишиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракатларимизни бирлаштириб иш тутсак, айни муддао бўлур эди.

Ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз қўлга киритаётган, жаҳон ҳамжамияти тан олаётган ютуқ ва марраларга эришиш йўлида бутун Ўзбекистонимиз қатори Андижон вилояти меҳнаткашлари ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани, кўп соҳаларда етакчи ўринларни эгаллаб келаётганини эътироф этиш, вилоят маркази, барча шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, тобора обод бўлиб, халқнинг ҳаёт сифати ва даражаси юксалиб бораётгани албатта барчамизни қувонтиради ва мамнуният етказади.

Ҳақиқатан ҳам, Андижон вилоятида кейинги йиллар давомида амалга оширилган ишларга холисона баҳо берар эканмиз, бошқаларга намуна қилиб кўрсатишга арзийдиган ютуқ ва натижалар ҳақида кўп гапириш мумкин.

Кейинги етти йил мобайнида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2 баробар, саноат 2,9 баробар, қишлоқ хўжалиги 1,6 баробар, пуллик хизматлар 2,7 баробар, қурилиш ишлари 3,4 баробар ошганини қайд этиш зарур.

Бу рақамларни гапириш албатта осон. Лекин уларнинг ортида қандай машаққатли меҳнат ётганини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз. Ҳаётга холисона кўз билан қарайдиган одам бу рақамларни эшитиб, ҳайратга тушиши табиий.

Эътиборли томони шундаки, бундай ижобий ўзгаришларни бугунги кунда бутун Андижон вилоятида, қишлоқларда ҳам, шаҳарларда ҳам кўриш, кузатиш мумкин. Сизларнинг бундай ютуқлардан ғурурланиб, лекин уларга маҳлиё бўлмасдан, яна янги марраларни эгаллаймиз, доимо олдинга интиламиз, деган кайфият билан яшаётганингизни барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Шу борада бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: кимки бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни кўрмоқчи, улардан тўлиқ хабардор бўлмоқчи бўлса, биринчи галда Андижонга келсин, ўзини андижонлик деб атайдиган одамларнинг меҳнати, ҳаёти, бугунги ютуқлари билан яқиндан танишсин.

Маълумки, илгариги замонда “Биз кўрмаганни болаларимиз кўрсин”, деган ният ва қараш, керак бўлса, армон билан ота-боболаримиз дунёдан яшаб ўтди. Бугун эса замоннинг талаби бошқача. Яъни, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиши шарт, деган шиор ҳаётимиздан чуқур жой олмоқда. Шу билан бирга, бугунги яшаётган одамлар, халқимиз ҳаётдан рози бўлиб, ҳеч кимдан кам бўлмасдан, эркин ва фаровон яшаши керак.

Бугун одамларимизнинг юриш-туриши, муомала ва кийиниш маданияти, айниқса аёлларимизнинг ўзига, ҳаётга қараши, умуман, халқимизнинг турмуш даражаси кескин ўзгариб бораётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу, ҳеч шубҳасиз, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўзгаришларнинг энг муҳим натижасидир.

Андижон вилоятининг ишлаб чиқариш соҳасида янги тармоқлар пайдо бўлиши билан бир қаторда, саноат соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, технологик янгилаш, мавжуд маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлаш лозим.

Айниқса, халқаро бозорда рақобатдош, қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган замонавий корхоналар барпо этиш масаласига жиддий эътибор қаратаётганимиз ўзининг ҳосили ва натижаларини бермоқда.

Бу борада иқтисодиётимизнинг локомотиви бўлган, ижтимоий ҳаётнинг маъно-мазмунини кескин ўзгартиришга хизмат қилаётган корхоналар, биринчи навбатда Асака шаҳридаги автомобиль заводи фаолияти ҳақида ҳар қанча гапирсак арзийди, албатта.

Бу корхонанинг мамлакатимиз учун бутунлай янги бўлган замонавий автомобилсозлик тармоғининг шаклланишига пойдевор қўйгани, юксак технологияларни, илғор илм-фан ютуқларини ўзлаштиришда қандай катта роль ўйнаётганини барчамиз яхши биламиз.

Хусусан, 2008 йилдан бошлаб, жаҳон автомобиль саноатида етакчи ҳисобланган “Женерал Моторс” компанияси билан ҳамкорликда ушбу заводда машҳур “Шевроле” бренди билан автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани саноатимиз ривожида янги тарихий босқич бўлди, десак, муболаға бўлмайди.

Айни шу асосда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг тури, технологик хусусиятлари тубдан яхшиланиб, мутлақо янги платформалар негизида “Ласетти”, “Спарк”, “Кобальт” каби 8 хилдаги замонавий автомобиль ишлаб чиқарилаётгани бу фикрни исботлаб турибди.

Маълумки, бугунги кунда кооперация асосида автомобилларга бутловчи ва эҳтиёт қисмлар етказиб берадиган машинасозлик корхоналари тармоғи юртимизда кенгайиб бормоқда. Биргина Андижон вилоятининг ўзида бундай корхоналар сони сўнгги етти йилда 47 тадан 108 тага, улар томонидан тайёрланган маҳсулот ҳажми эса 1 триллион 100 миллиард сўмга етди. Бу эса мазкур тармоқда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар сонини 22 минг 400 кишига етказиш имконини берди.

Мазкур тармоқнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, соҳани юксак малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Асака туманида ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежини, Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институти негизида Андижон машинасозлик институтини, Тошкент шаҳрида эса Турин политехника университетини ташкил этганимиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистонни замонавий автомобилсозлик марказига айлантириш йўлида салмоқли қадамлар бўлди.

1996 йили бу ноёб ва улкан корхонани қуришга киришганимизда юксак технологияларга асосланган бундай заводни ўзимизнинг одамлар бошқаришига ким ишонарди? Ўша пайтда четдан туриб, Ўзбекистон энди автомобилсиз қолади, ўзбеклар фақат шофёр бўлиб ишлашга ярайди, деган турли-туман туҳмат гаплар ҳам бўлган эди. Бугун Асакадаги заводнинг энг замонавий автомобиллар ишлаб чиқараётганини кўриб, ўша одамларга, қалайсиз энди, десангиз, улар жим, лом-мим деб овоз чиқаролмайди.

Ана шу заводни бугунги кунда ким бошқармоқда, ким уни бутун дунёга машҳур қилмоқда? Ўзимизнинг истеъдодли болаларимиз, Жанубий Кореяда, бошқа мамлакатларда ўқиб, билим ва малакасини оширган ўз ёшларимиз. Бу инсонларнинг барчасига ана шундай фидоий меҳнати учун шу юксак минбардан туриб, чин қалбимдан миннатдорлик билдиришни ўз бурчим деб биламан.

Вилоят иқтисодиётида алоҳида ўрин тутадиган енгил саноат тармоғида ҳам кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда кўп гапирмасдан, фақат айрим рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Агар 2006 йилда вилоятда етиштирилган пахта толасини қайта ишлаш ҳажми 31,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилда бу рақам 40 фоизга етди. Шу ўтган даврда қиймати 66 миллион долларлик 19 та йирик лойиҳа амалга оширилиб, 45 минг тоннадан ортиқ ип-калава, қарийб 9 минг тонна трикотаж полотно, 9 миллион донадан зиёд тайёр тикув-трикотаж буюмлари ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватлар, энг муҳими, 3,5 мингта янги иш ўрни яратилди.

2006-2012 йилларда Андижонда пойафзал ишлаб чиқариш 8,6 баробар, чарм-галантерея буюмлари 11 баробар, мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13 баробар ўсгани ҳам вилоят иқтисодиётида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасидир.

Вилоятда ўтган етти йилда 224,5 миллион долларга яқин чет эл инвестицияси, жумладан, 174 миллион 200 минг долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди.

Ҳозирги вақтда бу ерда чет эл инвестицияси иштирокидаги 86 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Ялпи саноат маҳсулотининг қарийб 79 фоизи, жами экспорт ҳажмининг эса салкам 89 фоизи ана шу корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда. Вилоятда экспорт таркиби ҳам кескин ўзгариб, қайта ишланган ва тайёр маҳсулотлар улуши 87 фоиздан 95 фоизга ортгани айниқса муҳим аҳамиятга эга.

Албатта, янги ютуқлар, қўлга киритилган марралар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар, ишга солинмаган кўпгина имкониятлар, барчамизни ҳали-бери ташвишга солаётган муаммолар борлигини ҳеч ким инкор этолмайди.

Шу нуқтаи назардан қараганда, вилоят саноатини ривожлантиришда бир қатор муаммолар, номутаносиблик ҳолатлари кўзга ташланаётганини очиқ айтиш керак. Масалан, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 92 фоизи Андижон, Хонобод шаҳарлари, Асака, Андижон, Шаҳрихон туманларининг ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолган 11 та туманда эса бу кўрсаткич, афсуски, паст даражада қолмоқда.

Енгил саноат тармоғидаги фойдаланилмаётган имкониятлар ҳақида гапирганда, вилоятдаги йигирув фабрикаларининг 63 фоиз қувват билан ишлаётгани албатта ҳеч кимни қониқтирмайди.

Андижон вилоятининг 2013-2015 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида бажариш масаласи алоҳида эътиборни талаб қилади.

Катта ҳажмдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун, албатта, вилоятдаги мавжуд салоҳият билан бирга, ҳукуматимиз, тегишли вазирлик ва идораларнинг куч-имкониятларини сафарбар этишимиз даркор.

Жумладан, “Ўзқурилишматериаллари” компанияси вилоят ва туман ҳокимликлари билан биргаликда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қиймати 25 миллион долларлик 174 та лойиҳани амалга ошириши лозим.

“Ўзфармсаноат” компанияси маҳаллий тадбиркорлар иштирокида яқин икки йилда умумий қиймати 10 миллион доллар бўлган 5 та лойиҳани амалга ошириши зарур.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси эса вилоятда маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган, умумий қиймати 10 миллион долларга яқин 5 та лойиҳани амалга оширишни таъминлаши керак.

Шунингдек, “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” компаниялари ҳамда тегишли тижорат банклари ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларни узлуксиз энергия манбалари ва молиявий ресурслар билан кафолатланган тарзда таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриши даркор.

Ҳар қайси корхона, ҳар қайси ҳудуд, қолаверса, вилоят ёки бутун мамлакатимиз миқёсида бўладими, ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, шиддат билан ўсиб бораётган рақобатга бардош бериш ва даромад олиш учун сармоя ва яна бир бор сармоя, яъни инвестиция керак.

Доимо изланишда бўлиб, эртанги кунимизни ўйлаб, ишчиларимизга муносиб маош тўлаш, уларнинг ҳаётини фаровон қилиш учун қўшма корхоналар тузиш, кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш, бу борадаги сунъий тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш энг муҳим масала, десам, ўйлайманки, бу ҳақиқат бугун ҳеч кимга сир эмас.

Чунки айни шу омиллар ҳисобидан Андижон вилоятининг энг ўткир муаммоларини ечиш мумкин, одамларимизни рози қилишимиз мумкин.

Агарки Андижон воҳасида суғориладиган, ҳайдаладиган ер танқислиги, аҳолининг эса жуда зич яшаши энг мураккаб муаммолардан бири эканини инобатга оладиган бўлсак, айнан шундай йўл яккаю ягона тўғри, ўзини оқлаган йўл эканини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда. Лекин, минг афсуски, айрим туманлар, хусусан, Пахтаобод, Улуғнор туманлари ана шундай йўлни жорий этишда, яъни четдан сармоя олиб келишда ўзини кўрсата олмаяпти.

Ҳурматли дўстлар!

Андижон заминида шаклланган қадимий деҳқончилик мактабининг шуҳрати нафақат юртимизда, балки бошқа ўлкаларда ҳам яхши маълум. Тобора ривожланиб, бугунги кунда қишлоқда ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган фермерлик ҳаракати айнан Андижон заминида тобланиб, янги тажриба ва куч топаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ўз ишининг чинакам фидоийси ва устаси бўлган андижонлик деҳқон ва фермерлар ўтган йили биринчилар қатори шартнома мажбуриятларини бажариб, 293 минг тонна пахта, 508 минг тонна бошоқли дон етиштириб бергани ҳар қандай тасанноларга арзийди.

Вилоятда кейинги олти йилда сабзавот етиштириш ҳажми 1,9 баробар, картошка – 2,2 баробар, полиз маҳсулотлари – 3,5 баробар, мева – 1,8 баробар, узум – 2,2 баробар ортиб, уларни қайта ишлаш ҳажми ўсаётгани айнан фермерларимиз ва деҳқонларимизнинг ишга ёндашуви ўзгариб, ўз ери, ўз мулкига эгалик ҳиссиёти кучайиб бораётганининг натижасидир.

Чорвачиликни оладиган бўлсак, сўнгги олти йилда қорамоллар сони 1,6 баробар, парранда 2,2 баробар, гўшт ва сут етиштириш 1,5 баробар, тухум етиштириш 1,8 баробар кўпайганини кўриш мумкин.

Буларнинг барчаси нафақат вилоят, балки мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, бозорларимиздаги серобчилик ва арзончиликни таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.

Бугун мен, мана шу юксак минбардан туриб, вилоятнинг миришкор деҳқон ва фермерларига ана шундай фидокорона меҳнатлари учун чуқур миннатдорлик билдиришни ўзимнинг бурчим, деб биламан.

Табиийки, бундай ютуқлар туфайли фермерларнинг даромадига даромад қўшилмоқда, энг асосийси, уларнинг ўрта синф – мулкдорлар синфи сифатида мавқеи ошиб, қишлоқда ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи кучга айланмоқда.

Бу ютуқлар биринчи навбатда юртдошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тубдан ўзгариб бораётганидан далолат беради. Бу одамлар энди 1990 йилдаги кишилар эмас. Мен юртимизда ҳам, чет элларда ҳам бир фикрни кўп айтаман: биз эришган ютуқларни, эртанги кунимизнинг қандай ёруғ бўлишини билмоқчи бўлсангиз, аввало лицей ва коллежларимизга бориб, ёшларимиз билан учрашинг, уларнинг ёниб турган кўзларига қаранг, шунда сиз кўп нарсани тушуниб етасиз, дейман ва бу сўзларда чиндан ҳам катта ҳақиқат бор.

Ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз, ерни асраб-авайлаш, у билан тиллашиб яшаш керак. “Сен ерни боқсанг – ер сени боқади” деган чуқур маъноли ибора, менинг назаримда, айнан ўзбек заминида пайдо бўлгандек туюлади.

Табиийки, қишлоқ хўжалигида юксак марраларни қўлга киритишда авваламбор юқори ҳосилдорликка эришишнинг гарови – ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича амалга ошираётган кенг кўламли ишларимиз пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, 2008-2012 йилларда вилоятда 6000 километрга яқин очиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 225 километрлик ёпиқ горизонтал дренаж тармоқлари, Улуғнор мелиоратив насос станцияси, 180 та мелиорация иншооти, 365 та дренаж қудуқ ҳамда бошқа объектларда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилганини айтиш лозим.

Шу даврда вилоят бўйича салкам 55 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 120 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшилангани натижасида ғалла ҳосилдорлиги ўртача 6-8 центнерга, пахта ҳосилдорлиги 4-5 центнерга ошгани бу борадаги ишларимизнинг энг муҳим самараси, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.

Вилоятда қишлоқ хўжалиги техникаси паркини янгилаш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда охирги етти йилда қарийб 53 миллиард сўмлик 2 минг 300 дан ортиқ замонавий техника воситалари сотиб олингани ҳам буни тасдиқлайди.

Шу билан бирга, бу йўналишда ҳали кўп иш қилишимиз зарурлиги, айниқса, боғ ва токзорлар орасига ишлов берадиган махсус техникаларни сотиб олишга эътибор қаратиш, мавжуд техника паркини ҳар йили камида 10 фоизга янгилаб бориш лозимлигини қайд этиш жоиз.

Маълумки, 2011 йилда Асака тумани тўлиқ мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилди. Бунинг натижасида аввало туманда етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини 45-50 фоизга ошириш, бозорларда нарх-навонинг барқарор бўлишига, деҳқончиликда даромад анча кўпайишига эришилди.

Янги имкониятларни инобатга олган ҳолда, Республика озиқ-овқат корхоналари уюшмаси томонидан келгуси уч йилда вилоятда мева-сабзавотни қайта ишлайдиган 27 та, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлайдиган 48 та, шунингдек, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган 140 та корхона янгитдан ташкил қилиниши мўлжалланмоқда.

Қадрли юртдошлар!

Андижон халқининг изланувчанлиги, янгиликка интилиб яшаши, ташаббускорлиги – ана шундай фазилатлари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришда ўз ифодасини топмоқда.

Бугунги кунда Андижон вилоятида мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 22 минг 200 тани ташкил этаётгани ва айни шу соҳада аҳолининг 80 фоиздан ортиғи банд бўлганининг ўзи кўп нарсадан далолат беради.

Агарки Андижон халқининг 80 фоизи тадбиркорлик ҳисобидан яшаётган бўлса, қани, айтинглар, бу соҳага одамларни жалб этиш учун яна қандай даъват бўлиши мумкин? Эришилган мана шундай маррани маҳкам ушлашимиз керак. Такрор айтаман, кичик бизнес ва тадбиркорлик йўлида мавжуд бўлган ҳар қандай сунъий тўсиқни олиб ташлаш лозим. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, вазирлар ва ҳокимлар буни чуқур тушуниб олиши шарт.

Ўзингиз ўйланг, тадбиркор ўз кучи, ўз сармояси ҳисобидан ўз ишини ташкил қилади ва шу орқали даромад топади. Бизнинг ишимизга халақит бермасангиз, ўз оиламизни ҳам, эл-юртни ҳам боқишга ҳисса қўшамиз, деб меҳнат қилади. Бундай одамларни фақат қўллаб-қувватлаш, фақат ёрдам бериш керак.

Тадбиркорлик азал-азалдан халқимизнинг қонида бор. Энг зўр ҳунармандлар, савдогарлар, усталар бизнинг юртимизда бўлган. Буюк бобомиз Амир Темур ўз даврида бу борада шундай тартиб ўрнатган эдики, унинг “Тузуклар” асарида ёзилишича, агар салтанатнинг у чеккасидан бу чеккасига ёш бола бир лаган тиллони бошига қўйиб борадиган бўлса, унга ҳеч ким дахл қилмас экан.

Бу билан улуғ аждодимиз, ўзи ишламасдан, бошқаларнинг ҳисобидан кун кўрадиган ҳар хил қароқчи ва зўравонларнинг адабини бердим, бутун мамлакатда адолат ўрнатдим, деб таъкидлаётганини тушуниш қийин эмас, деб ўйлайман.

Мен бир пайтлар эртанги кунимизни, келажакни ўйлаб, фермерлик ҳаракатига ўтганимизда, фермерларга қарата, ҳеч нарсадан қўрқмасдан, олдинга босаверинглар, ортингизда Президент турибди, деб айтган эдим. Бугун эса барча тадбиркорларга қарата айтмоқчиман: дадил қадам босаверинглар, ортингизда Президент турибди.

Вилоятдаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг замонавий ишлаб чиқариш соҳаларига, хусусан, автомобилсозлик ва автомобилларга хизмат кўрсатиш тармоғига кенг жалб этилаётгани, умуман, замонавий сервис соҳасини ривожлантиришга катта эътибор берилаётгани аҳолимизни иш билан таъминлашда, одамларнинг даромадини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

Андижон вилоятида 2007-2012 йилларда, яъни охирги олти йилда хизматлар ҳажми 2,6 баробар ортиб, мазкур соҳада қарийб 160 мингта иш ўрни яратилгани бу йўналишда кўп иш қилинаётганидан далолат беради.

Айниқса, мобиль алоқа тармоғини кенгайтириш, 160 километрдан зиёд оптик толали алоқа линиясини барпо этиш, 44 та “Интернет-кафе” ташкил қилиш, автомат телефон станцияларини юз фоиз рақамли тизимга ўтказиш бўйича амалга оширилган инвестиция дастурлари мобиль алоқа абонентлари сонини 4,6 баробар, интернетдан фойдаланувчилар сонини 7,8 баробар ошириш имконини берди. Бунинг натижасида алоқа ва ахборот хизматлари ҳажми 3,7 баробар ўсди.

Ана шундай ўзгаришлар туфайли ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида жами хизматларнинг улуши ортиб, 2006 йилдаги 31,5 фоиздан 2012 йилда 45,5 фоизга етганини албатта ижобий баҳолаш лозим.

Ҳурматли депутатлар!

Андижон вилоятида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуриш дастурининг ижроси алоҳида эътиборга лойиқ.

Мен 2011 йилнинг кузида Андижон туманининг Ўрикзор массивида барпо этилган ана шундай янги ҳовли-жойларнинг эгалари билан учрашганимда, уларнинг юз-кўзидаги хурсандчиликни кўриб, бу иморатлар ҳақиқатан ҳам халқимиз орзу қилган, унинг кўнглидаги уйлар эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилган эдим.

Ўтган тўрт йил мобайнида Андижон вилоятида 89 та мавзеда 2 минг 115 та намунавий уй-жой барпо этилиб, кўплаб оилалар шаҳар шароитидан асло кам бўлмаган қулай уйларга кўчиб кирди. Ана шу массивларда қарийб 100 километрлик сув тармоғи, 61 километр электр тармоғи, 76 километр табиий газ тармоғи, 56 километр ички йўллар ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилганини таъкидлаш лозим.

Сизларга маълумки, шу йил 16-17 апрель кунлари Тошкент шаҳрида катта бир халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси учун замонавий уй-жойлар қуриш тажрибаси ва эришилган натижаларни ўрганиш учун дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатидан, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, АСЕАН, ЮНЕСКО каби нуфузли халқаро ташкилотлар, молия институтларидан вакиллар, уй-жой қурилиши соҳасидаги йирик компаниялар раҳбарлари ва етакчи мутахассислар, жами 300 дан зиёд чет эллик меҳмон иштирок этди.

Анжуман қатнашчилари юртимизнинг бир қанча вилоят ва туманларида бўлиб, қишлоқ аҳли учун бунёд этилган уйлар билан яқиндан танишдилар, одамларимиз билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳаётга қараши, маданий савияси, эртанги кунга ишончи ортиб бораётганига юксак баҳо бердилар. Ўзбекистоннинг қандай буюк салоҳиятга эга бўлаётганига, эркин ва фаровон ҳаёт қуришдек эзгу мақсад йўлидан қатъият билан бораётганига, энг муҳими, биз 22 йил олдин танлаган тараққиёт йўлимиз тўғри эканига иқрор бўлдилар.

Азиз дўстлар!

Андижон вилоятида бошқа муҳим ижтимоий дастурларни ҳаётга жорий қилиш бўйича ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. Бу ҳақда гапирганда, кейинги йилларда аҳолини марказлаштирилган тармоқлар орқали ичимлик суви билан таъминлаш 89,7 фоизни, табиий газ билан таъминлаш эса 75,3 фоизни ташкил этганини қайд этиш лозим.

Бу борадаги ишларимизни давом эттирган ҳолда, келгуси уч йилда ичимлик ва оқава сув тизимини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури асосида вилоятда 150 километр магистраль сув тармоғи барпо этилади, 183 километрлик тармоқ эса реконструкция қилинади. Бу ишларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 45 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратиш кўзда тутилган. Натижада вилоятдаги 230 дан ортиқ қишлоқда ичимлик суви таъминотини янада яхшилаб, бу борадаги кўрсаткични 92,3 фоизга етказиш мўлжалланмоқда.

Аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш масаласини оладиган бўлсак, вилоят бўйича 2006-2012 йилларда 490 тадан ортиқ янги автобус сотиб олинганини айтиш лозим.

Яқин келгусида вилоятга яна 400 та автобус олиб келиш ва шу асосда қишлоқ жойларда, айниқса узоқ ва чекка ҳудудларда яшайдиган аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш режалаштирилмоқда.

Халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган бундай ишлар ҳақида гапирганда, сизларнинг эътиборингизни яна бир муҳим стратегик лойиҳага қаратмоқчиман. Ушбу йирик лойиҳага биноан, қиймати 1 миллиард доллар, қуввати 900 мегавольт бўлган Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси барпо этилади.

Бу улкан иншоотнинг ишга туширилиши Фарғона, Наманган, Андижон вилоятларининг электр энергиясига бўлган бугунги эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш имконини берибгина қолмасдан, бу ҳудудларнинг истиқболдаги ривожида қандай катта ўрин тутишини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Биз учун сувдек, ҳаводек зарур бўлган яна бир муҳим тармоқ – транспорт-коммуникация соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Қамчиқ довони орқали ўтадиган автомобиль йўлини кенгайтириш ва реконструкция қилиш учун кейинги 5 йилда қарийб 630 миллиард сўм, жумладан, йўл техникаси харид қилишга 8 миллиард сўм йўналтирилганини таъкидлаш лозим. Бу эса Фарғона водийси, жумладан, Андижон вилоятига ва бу ердан мамлакатимизнинг бошқа минтақаларига юк ва йўловчи ташиш ҳажми ва сифатини янада ошириш имконини бермоқда.

Шу борада биз кўпдан буён ўйлаб юрган, бугунги кунга келиб рўёбга чиқариш имкони пайдо бўлган яна бир муҳим режамиз ҳақида сизларга ахборот бермоқчиман. У ҳам бўлса, Ангрен-Поп йўналишида умумий узунлиги қарийб 125 километр бўлган электрлаштирилган темир йўл қуриш лойиҳасини амалга оширмоқчимиз.

Маълумки, Фарғона водийси мамлакатимизнинг темир йўл тармоқларига уланиш нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан ажралиб қолган. Ҳозирги кунда темир йўл орқали водийга бориш учун қаердан ўтишга тўғри келишини сизлар яхши биласиз.

Бугунги кунда Фарғона водийсида 10 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. “Олтин водий” деб ном олган бу минтақани Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл орқали боғлаш масаласини эътибордан четда қолдиришга бизнинг ҳаққимиз йўқ.

Таъкидлаш керакки, айнан шу лойиҳанинг жорий этилиши Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимиз темир йўллари тизими билан ишончли асосда бевосита боғлаш имконини яратади. Шу тариқа биз бутун Ўзбекистоннинг ҳудуд ва минтақаларини қамраб оладиган ягона миллий темир йўл тармоғини барпо этишга эришамиз. Ҳеч шубҳасиз, бу нафақат иқтисодий-ижтимоий, керак бўлса, сиёсий аҳамиятга молик стратегик лойиҳадир.

Бир пайтлар Ўзбекистоннинг электр, табиий газ тармоқлари, автомобиль йўллари бошқа давлатларнинг ҳудуди орқали ўтарди. Кейинги ўн йил ичида биз бу борада жуда катта ишларни амалга ошириш ҳисобидан ушбу коммуникацияларнинг барчасини ўз мамлакатимиз ҳудудидан ўтказишга эришдик. 2014-2015 йилларда темир йўл масаласида ҳам бу ишни албатта охирига етказамиз. Насиб этса, 2016 йилда мана шу темир йўл қуриб битказилиши билан водийга, жумладан, Андижонга поезд билан бемалол қатнаш имконига эга бўламиз.

Қадрли юртдошлар!

Ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар ҳақида сўз юритганда, аввало ёш авлодимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида беқиёс ўрин тутадиган таълим тизимида амалга оширилаётган катта ишлар ҳақида гапиришимиз табиийдир.

Вилоятда 2006-2012 йилларда 53 та лицей ва коллеж, 159 та умумтаълим мактаби, 17 та мусиқа ва санъат мактаби қурилгани ва реконструкция қилингани бу борадаги дастурларимиз изчиллик билан бажарилаётганидан далолат беради. Жорий йилда яна 6 та мактаб, 3 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей, 2 та олий ўқув юрти реконструкция қилинади, 12 та мактаб ва 6 та касб-ҳунар коллежи капитал таъмирланади, Андижон тиббиёт институтининг ахборот-ресурс маркази барпо этилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳам вилоятда ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Бунинг тасдиғини шу ўтган даврда ҳар сменада 3 минг нафардан ортиқ кишига хизмат кўрсатадиган поликлиника муассасалари, 930 ўринга эга бўлган шифо масканлари фойдаланишга топширилгани мисолида кўриш мумкин.

2013 йилда яна 9 та тиббиёт муассасасини, жумладан, вилоят онкология диспансери, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва болалар санаторийсини реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу мақсадлар учун 54 миллиард 900 миллион сўм маблағ сарфлаш кўзда тутилмоқда.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлган спорт соҳасида ҳам юқори натижалар қўлга киритилмоқда. Айниқса, вилоят ёшларининг мамлакатимиз ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда юқори ўринларни эгаллаб келаётгани барчамизга ғурур-ифтихор бағишлайди.

Ҳақиқатан ҳам, 2006-2012 йилларда нуфузли халқаро мусобақаларда Андижон ёшлари орасидан 107 нафар ўқувчи, жумладан, 57 нафар қиз бола иштирок этиб, уларнинг 72 нафари совринли ўринларни қўлга киритгани албатта ҳаммамизни хурсанд қилади.

Ҳозирги кунда энг долзарб аҳамиятга эга бўлган аҳолини иш билан таъминлаш масаласига эътибор қаратадиган бўлсак, вилоятда 2006-2012 йилларда, яъни охирги етти йилда ярим миллионга яқин иш ўрни яратилгани ва бунинг қарийб 70 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилганини катта ютуғимиз сифатида қабул қилишимиз керак.

Айни вақтда бу борада ҳали кўп иш қилишимиз зарурлигини, ўйлайманки, барчамиз тўғри тушунамиз. Хусусан, жорий йилда тасдиқланган дастурга кўра, вилоят бўйича қарийб 80 мингта янги иш ўрни ташкил этиш назарда тутилмоқда. Бу борада барча даражадаги раҳбарлар учун 53 минг 200 нафар касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларини ишга жойлаштириш кун тартибидаги энг асосий вазифа бўлиб турганини алоҳида уқтириб ўтмоқчиман.

Бу вазифани бир ёқадан бош чиқариб албатта бажариш барча-барчамизнинг энг олижаноб бурчимиздир.

Сўнгги 6 йил давомида вилоятда аҳоли даромадлари сезиларли даражада ўсиб, аввало шунинг ҳисобидан халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ошиб бораётганини биз юқори баҳолаймиз.

Халқимиз даромадларининг асосий қисми, яъни 54 фоизга яқини тадбиркорлик ҳисобидан изчил ошиб бораётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Бу шахсан мен учун жуда катта аҳамиятга эга бўлган кўрсаткич. Бу рақам авваламбор Андижон аҳлининг ўз меҳнати, ўз тадбиркорлик фаолияти, ўз бизнеси ҳисобидан ўзини ва оиласини боқаётганининг яққол далили, такрор айтаман, бизнинг энг катта ютуғимиздир.

Аҳолимизнинг фаровонлиги ошиб бораётганини вилоятда хонадонларнинг телевизор, холодильник, мебель билан таъминланиш кўрсаткичлари мамлакатимиздаги ўртача кўрсаткичдан юқори экани, автомобилларга эга бўлган хонадонлар сони сўнгги 6 йилда ҳар 100 та оилага нисбатан олганда, 19 тадан 30 тага етгани ҳам исботлайди.

Эсингизда бўлса, совет даврида одамлар машина олиш учун ўн йиллаб навбатда турар эди. Менга қолса, ҳар юзта оилага юзта автомобиль тўғри келсаям, ёмон бўлмас эди.

Ҳаётимизнинг маъно-мазмунини ўзгартириб бораётган бундай ютуқлар ҳақида гап кетганда, мен биринчи навбатда аёлларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш тўғрисида гапиришдан ҳеч чарчамайман. Шахсан мен ҳар юзта хонадонда юзта кир ювиш машинаси бўлишини истардим.

Шу ўринда эркакларга мурожаат қилиб айтмоқчиман: аёлларга кўпроқ ҳурмат кўрсатиш, уларга кўпроқ эътибор бериш, оғирини енгил қилиш биз, эркак зотининг энг асосий вазифаси, бурчи бўлиши лозим. Нега деганда, аёл бахтли бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, бутун жамият бахтлидир.

Андижон вилоятида кейинги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар, қўлга киритилган ютуқлар ҳақида гапирганда, кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида алоҳида сўз юритиш ўринлидир. Бу ишларнинг ёрқин намунасини вилоятнинг барча шаҳар ва қишлоқларида, айниқса, Андижон шаҳри мисолида яққол кўриш, кузатиш мумкин.

Ҳозирги вақтда юртимизнинг турли ҳудудларидан бу ерга кўплаб мутахассислар, меъмор ва муҳандислар келиб, сизларнинг тажрибангизни ўрганаётгани кўпчиликка яхши маълум.

Ана шу ишларни изчил давом эттириш мақсадида 2011-2015 йилларда Андижон вилоятининг шаҳар ва туманларида якка тартибда уй-жой массивларини қуриш, коммунал инфратузилма тармоқларини жадал ривожлантиришни кўзда тутадиган дастур қабул қилинган эди. Фурсатдан фойдаланиб, ана шу дастурнинг дастлабки натижалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Икки йил давомида вилоятда 372 километрлик ичимлик суви, 2 километрлик канализация, 211 километрлик табиий газ тармоғи тортилди ва реконструкция қилинди. 195 километрлик электр тармоғи янгиланди, 121 та трансформатор ўрнатилди, 46 километрлик кўчаларда чироқлар янгиланиб, 2 минг 650 та хонадонга телефон ўрнатилди.

Асака туманидаги Шинам, Карвонсарой, Умид, Имом Бухорий кўчалари таъмирланиб, электр, табиий газ ва ичимлик суви таъминоти тармоқлари янгиланди. Хўжаобод, Олтинкўл туманлари марказий кўчаларини намунавий кўчаларга айлантириш мақсадида йўл бўйида замонавий уй-жойлар қурилди, кўчаларни ёритиш тизими ва электр тармоқлари янгиланиб, табиий газ қувурларининг ер остидан ўтказилиши натижасида ушбу масканларнинг қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди.

Ҳозирги вақтда Пахтаобод, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Андижон туманларининг марказий кўчаларида ана шундай ишлар ниҳоясига етказилмоқда ва бундай ижобий тажрибалар бошқа ҳудудларда ҳам қўлланмоқда.

Амалга оширилган ана шундай кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари туфайли 250 мингдан зиёд аҳолининг электр таъминоти, 80 мингга яқин аҳолининг табиий газ таъминоти яхшилангани, 35 километрдан ортиқ магистраль ва 380 километрлик ички автомобиль йўллари таъмирлангани “Обод турмуш йили” деб ном олган жорий йилда биз белгилаб олган мақсад ва вазифаларга ҳамоҳанглиги билан айниқса эътиборлидир.

Ҳеч иккиланмасдан айтиш керак: Андижон вилоятининг маркази, шаҳар ва турар-жойларнинг кўринишини бутунлай ўзгартириш, гўзал ва ўзига хос майдонлар, кўча ва уйларга барчанинг ҳавасини тортадиган янги қиёфа бериш, обод ва бетакрор ўлкага айлантириш – бундай олижаноб ва улкан ишларга қўл урган барча-барча Андижон аҳлига ҳар қанча тасаннолар айтсак, арзийди, албатта.

Кўп йиллар, балки юз йиллар ўтар, лекин сиз, азизларнинг амалга оширган ишларингиз абадий сақланиб қолур.

Бир нақл бор – катта, улкан ишларни узоқдан кўриш мумкин. Шу маънода, бундай олижаноб ишларнинг аҳамияти узоқдан қараганда, баҳо берганда айниқса яққол аён бўлади.

Нима учун бундай ишлар абадий сақланиб қолади? Чунки бу ишлар замиридаги фидоийлик, ўз юртига меҳр ва садоқат туйғуси ҳеч қачон завол билмайди. Андижон аҳли бундай ишлари билан, таъбир жоиз бўлса, ўзига ҳайкал қўйди. Бу – баландпарвоз гап эмас, айни ҳақиқат ва бу билан ғурурлансак арзийди. Ҳаётда ғурур-ифтихор билан, шукроналик билан яшайдиган одамнинг умри узоқ бўлади.

Менинг тилагим, истагим шуки, мана шундай обод шаҳар ва қишлоқлар, кўп-кўп соҳаларда эришаётган ютуқлар Андижон аҳлига буюрсин!

Ҳурматли сессия қатнашчилари!

Энди кун тартибига киритилган ташкилий масалани муҳокама қилишга ўтсак.

Бугунги мажлисимизнинг асосий мақсади Андижон вилоятининг ҳокими вазифасида ишлаб келган Аҳмад Усмоновнинг Тошкент вилояти ҳокими этиб сайлангани муносабати билан Андижон вилояти ҳокими лавозимига янги номзодни сайлаб-тасдиқлаб олишдан иборат.

Сизларга яхши маълумки, Ўзбекистонимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларини мутаносиб ва изчил ривожлантириш устувор вазифамиздир. Бу ҳақда гапирганда, улкан салоҳиятга эга бўлган, мамлакатимизда етакчи ўрин тутадиган Тошкент вилоятини бошқариш, унинг кўптармоқли иқтисодиётини барқарор суръатлар билан ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражасини юксалтириш – бундай вазифаларни уддалаш ғоят оғир ва масъулиятли иш эканини яна бир бор таъкидлаш ўринлидир.

Тошкент вилоятида кейинги пайтда ўткир муаммоларнинг ечими топилмасдан, кўпгина масалаларда оқсоқликка йўл қўйилгани, биринчи раҳбарда ташкилотчилик, етакчилик қобилиятлари етишмагани сабабли уни ишдан озод қилишга тўғри келди.

Мана шу масъулиятли лавозимга, яъни Тошкент вилоятини бошқаришга Андижон вилоятида етти йил давомида ҳоким бўлиб ишлаган, эл-юртга бош-қош бўлиб, вилоят эришган ютуқ ва марраларга муносиб ҳисса қўшган Аҳмад Усмонов номзоди маъқул деб топилди.

Айни пайтда Аҳмад Усмоновга билдирилган ишонч сиз, Андижон элига билдирилган ишонч ва ҳурмат белгиси, ифодаси, десам, сиз, азизлар мени тушунасизлар, деб ўйлайман.

Андижон аҳли ўз юртига бўлган меҳри ва садоқатини, ғурур ва ифтихорини, ор-номусини юксак қадрлаб, ўз кучи ва қудратига ишониб яшайдиган халқ.

Бундай олижаноб фазилатларга эга эл-юртни бошқарадиган, унинг эришган марралари, ўсиш суръатларини пасайтирмасдан, аҳолининг бошини қовуштириб, янги мақсад ва уфқларга сафарбар эта оладиган янги раҳбар сайлаш бугунги мажлисимиз кун тартибига қўйилган.

Кенг ва юқори салоҳиятга эга бўлган, ҳам инсонийлик, ҳам ташкилотчилик, ҳам талабчанлик нуқтаи назаридан эл-юртнинг дарду ташвиши билан яшайдиган, одамларнинг ҳаракатига ҳаракат, интилишига интилиш, ишончига ишонч қўшиб, юртни янада обод, халқнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қурби етадиган раҳбарни топиш – ўзингиз тушунасиз – бу оғир вазифа.

Шуни айтмоқчиманки, кўп жойларда янги раҳбарни лавозимга тавсия этар эканмиз, одамлар аввало Президент билдирган таклифга ишонч билан қарайди. Мен бу ишончни юксак қадрлайман ва айни вақтда унинг замиридаги катта масъулиятни ҳам чуқур ҳис қиламан.

Бугун Андижон вилоятида 2 миллион 700 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Ана шундай улкан вилоят аҳлининг ҳаётига, ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, унинг муаммоларини ҳал қилишга доимо жиддий қарашимиз керак. Бир пайтлар шунга етарли эътибор бермаганимиз биз учун катта сабоқ бўлди. Мен кимнидир айбламоқчи эмасман, лекин бундай масалаларга, такрор айтаман, бепарво бўлишга ҳаққимиз йўқ. Бинобарин, вилоятга янги раҳбар танлашда кўп ва узоқ ўйлашга, жамоатчилик билан кенгашишга тўғри келди. Баъзан ўз жойида туппа-тузук ишлаб турган раҳбар янги жойда ўзини кўрсатолмаслиги, оқибатда ўзига ҳам, умумий ишга ҳам зарар етказиши мумкин. Шунинг учун бу масалада етти ўлчаб, бир кесиш керак.

Шуларнинг барчасини инобатга олиб, Андижон вилояти фаоллари ва депутатлари, оқсоқоллар билан кўп маслаҳатлашдик, очиқчасига гаплашиб олдик. Билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, ҳозирги вақтда Андижон вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган Шуҳратбек Абдураҳмонов номзодини Андижон вилояти ҳокими вазифасига тавсия этишга қарор қилдик.

Бу номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида гапирадиган бўлсак, у 1969 йилда туғилган. Андижон пахтачилик институтини 1992 йилда агроном мутахассислиги бўйича битирган. Кўп йиллар Пахтаобод тумани ҳокими, вилоят ҳокимининг муовини лавозимларида ишлаб, етарли тажриба орттирган. Энг муҳими, у Андижон вилоятининг шароити, вилоят аҳлининг табиати, орзу-интилишлари, ташвиш ва муаммоларини яхши билади, шу тупроқнинг тузини ичиб улғайган.

Одамнинг кимлигини билмоқчи бўлсанг, унга амал бериб кўр, деган гап бежиз айтилмаган. Ҳақиқатан ҳам, эл-юрт ҳар қандай раҳбарни у амалга ўтирган пайтдан бошлаб синайди ва унга баҳо беради.

Айтиш керакки, Ш.Абдураҳмонов оддий бригада бошлиғи лавозимидан шу даражага кўтарилган. Пахтаобод туманида кўп йиллар хизмат қилган. Зарур пайтда, масалан, ана шу туманда фермерликни жорий этишда ўзини принципиал жиҳатдан кўрсатган.

Биз бугун юртимизда янги давлат, янги жамият қурмоқдамиз. Шу нуқтаи назардан қараганда, вилоятнинг янги раҳбари эришилган марраларни янада мустаҳкамлаб, ўсиш суръатларини тезлаштиришга интилиши лозим. Янги раҳбарнинг келиши билан эл-юрт қандайдир ўзгаришлар бўлади, деб кутади. Агарки ҳеч қандай ўзгариш сезилмаса, одамларнинг раҳбарга бўлган ишончи йўқолади.

Бу ўринда раҳбарнинг фақат ваъда бериши эмас, аввало Андижон аҳлига, вилоятнинг депутат ва фаолларига, кенг жамоатчиликка таяниб, ишни қандай ташкил этиш, қандай режа ва дастурларни амалга ошириш борасидаги фикрлари муҳимдир.

Вилоят ҳокими аввало унга ишонч билдирган халқ олдида, унинг вакиллари бўлмиш депутатлар олдида ўз вақтида ҳисоб бериб туриши керак.

Қадрли ва муҳтарам юртдошлар!

Бугун сиз, азизлар билан бирга кейинги даврда амалга оширган ишларимизга якун ясаб, эришган ютуқларимизга баҳо бердик, йўл қўйилган камчилик ва муаммолар, олдимизда турган вазифалар ҳақида ҳам фикр алмашиб олдик. Энг асосийси, бугун Андижон вилоятида ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, бағрикенглик ва аҳиллик муҳитини кўз қорачиғидек асраш, мустаҳкамлаш бўйича сиз, азиз депутат ва фаолларнинг фикрларини тингладик, эртанги кунимизнинг режаларини аниқлаб олдик.

Шу ўринда юрагимда, қалбимда бўлган бир фикрни айтишни истардим: мен учун доимо яқин ва қадрдон бўлган Андижон аҳли эришган барча ютуқларни мен ҳамиша гўёки ўзимнинг ютуқларим, деб қабул қиламан ва бу билан фахрланаман.

Ишончим комил, ҳамиша замон билан ҳамнафас бўлиб, ўзининг мустаҳкам иродаси, яратувчилик салоҳияти, она юртга улкан меҳри ва садоқатини намоён этиб келаётган Андижон халқи янги раҳбар атрофида бирлашиб, у билан бамаслаҳат иш олиб бориб, Ватанимиз равнақи йўлида барча куч ва имкониятларини сафарбар этади.

Азиз дўстлар, яна бир бор сизларга ўзимнинг самимий ҳурматимни изҳор этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.