slide3.jpg
slide2.jpg
slide4.jpg
slide5.jpg
slide1.jpg

MTM haqida qanchalik xabardorsiz?

Ha markaz vazifalaridan xabardorman - 83.3%
Ha eshitganmag - 16.7%
Yo`q xabardor emasman - 0%

Ovozlar soni: 6
The voting for this poll has ended on: 11 Apr 2013 - 07:07

 

Hozir onlineda

Hozir saytda 28 mehmon va foydalanuvchi yuq online

Saytlar

www.press-service.uz - Президент матбуот хизмати

http://www.fundngo.uz/ - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ҳузуридаги Нодавлат Нотижорат Ташкилотларини Ва Фуқаролик Жамиятининг Бошқа Институтларини Қўллаб-Қувватлаш Жамоат фонди   

www.uza.uz   Ўзбекистон ахборот агентлиги

www.gov.uz Узбекистон ҳукумат портали

www.lex.uz Ўзбекистон қонунлари, меъёрий ҳужжатлар базаси сайти

www.xs.uz  Халқ сўзи газетаси сайти

www.edu.uz Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайти

www.nimfogo.uz Фуқаролик жамиятини шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти

www.natlib.uz/ - А. Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси

 

МАМЛАКАТИМИЗДА ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИ ЯНАДА ЧУҚУРЛАШТИРИШ ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ

МАМЛАКАТИМИЗДА ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИ ЯНАДА ЧУҚУРЛАШТИРИШ ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси (2010 йил 12 ноябрь)

 

Ҳурматли депутатлар!

Азиз дўстлар!

Шу кунларда барчамиз ниҳоясига етиб бораётган 2010 йилни якунлаб, Ватанимиз мустақиллигининг 20 йиллиги нишонланадиган янги 2011 йил остонасида турибмиз.

Тарихимизга кириб келаётган бу буюк марра муносабати билан ўтган давр мобайнида ҳаётимиз сифати, мамлакатимиз қиёфаси қандай ўзгариб бораётгани, қандай ютуқ ва натижаларга эришганимиз, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида қандай суръатлар билан ривожланиб бораётганимизни баҳолаш эҳтиёжи туғилмоқда.

Қисқача айтганда, биз ўз олдимизга қўйган узоқ муддатли стратегик мақсадлар, яъни замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизга бугунги кун нуқтаи назаридан холисона баҳо беришимиз табиийдир.

Маълумки, Ўзбекистон 1991 йили ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг умрини ўтаб бўлган мустабид, маъмурий-буйруқбозлик, режали-тақсимот тизимидан воз кечиб, “ўзбек модели” деб ном олган ўз тараққиёт йўлини танлаб олди.

Биз ишлаб чиққан ва бугунги кунда ҳаётга татбиқ этаётган ушбу моделнинг маъно-мазмуни — давлат қурилиши ва конституциявий тузумни тубдан ўзгартириш ва янгилаш, иқтисодиётни мафкурадан холи этиш, унинг сиёсатдан устунлигини таъминлаш, давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини бажариши, яъни ислоҳотлар ташаббускори бўлиши ва уларни мувофиқлаштириб бориши, қонун устуворлигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил олиб бориш тамойилларига асосланадиган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишдан иборатдир.

Биз ислоҳотларни инқилобий усулда, яъни “шок терапияси” йўли билан амалга оширишдан онгли равишда воз кечиб, тадрижий тараққиёт йўлини танлаб олганимиз туфайли халқимизни қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган иқтисодий ва ижтимоий тўфонлардан асраб қолишга муваффақ бўлганимизни бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда.

Изчил юқори ўсиш суръатлари, юртимизда барпо этилган банк-молия тизимининг барқарор ва ишончли фаолият юритиши, иқтисодиётда амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар, умуман, мамлакатимизни модернизация қилиш йўлидаги дадил қадамларимиз дунё жамоатчилиги, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки сингари нуфузли халқаро молия ташкилотлари томонидан эътироф этилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, қарийб йигирма йиллик мустақил тараққиётимиз мобайнида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 3,5 баробарни, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 2,5 баробарни, аҳолининг реал даромадлари 3,8 баробарни ташкил этгани эътиборга сазовордир. Айниқса, ижтимоий-гуманитар соҳада эришилган марралар — аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун йўналтирилган давлат харажатларининг 5 баробар кўпайгани, турмуш даражасининг сезиларли равишда яхшилангани ва бунинг натижасида оналар ўлими 2 баробардан кўпроқ, болалар ўлими 3 баробар камайгани, одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, жумладан, аёлларнинг ўртача умр кўриши 75 ёшга етганини мамнуният билан таъкидласак арзийди, деб ўйлайман.

2008-2010 йилларда, яъни дунёнинг аксарият мамлакатларида иқтисодий ўсиш суръатлари сезиларли равишда тушиб кетган, ишлаб чиқариш пасайган бир вақтда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 2008 йилда 9 фоизни, 2009 йилда 8,1 фоизни ташкил этгани, 2010 йилда бу кўрсаткич 8,5 фоизга етиши кутилаётгани, келгуси 2011 йилда эса 8,3 фоиз даражасида бўлиши белгилаб берилаётгани кўпгина халқаро тузилмалар, эксперт ва мутахассисларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Дунёда, айниқса ривожланган мамлакатларда давлатнинг ташқи қарзлари кўпайиб бораётгани жиддий хавотир туғдираётган бир пайтда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизидан ошмайди, давлат буджети эса сўнгги беш йилда профицит билан бажарилмоқда.

Албатта, мамлакатимиз қўлга киритаётган бундай улкан ютуқлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин.

Маълумки, собиқ тузум даврида республикамизнинг иқтисодиёти бир томонлама ривожланган, фақат хомашё етиштиришга йўналтирилган бўлиб, машъум салбий оқибатларга олиб келган пахта яккаҳокимлиги авжига чиққан эди. Ўзбекистон ўзининг қолоқ ишлаб чиқариш ва социал инфратузилмаси билан собиқ иттифоқда жон бошига истеъмол даражаси бўйича энг паст ўринда турарди. Мустақил ривожланиш йилларида — тарихан қисқа бир даврда юртимиз янги ва улкан марраларни қўлга киритди, бунинг натижасида мамлакатимизнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб, жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи юксалиб бормоқда.

Айни пайтда барчамиз бир ҳақиқатни ўзимизга аниқ тасаввур этишимизни истардим. Яъни, эришилган бундай марралар — барқарор ривожланиб бораётган иқтисодиётга асосланган, очиқ демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари сўзда эмас, амалда олий қадрият даражасига кўтарилган, жаҳон миқёсида обрў-эътибор қозонган жамият барпо этиш борасида биз ўз олдимизга қўйган юксак мақсадга қаратилган узоқ ва мураккаб йўлнинг бир қисми, холос.

Бу йўлда биз дуч келишимиз мумкин бўлган шундай бир хавф борки, у ҳам бўлса, авваламбор эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб, хотиржамлик кайфиятига берилиш, реал воқеликдан узилиб қолиш хавфидир. Бу эса мамлакатимиз тараққиётининг самарадорлиги ва истиқболига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Жаҳон миқёсида глобаллашув ва рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги замонда биз дунёда юз бераётган туб ўзгаришлар жараёнида эгаллаб турган ўрнимизни холисона ва танқидий баҳолашимиз, тобора ошиб бораётган ҳаёт талабларига жавоб беришимиз, кечаётган давр билан ҳамқадам бўлишимиз шарт.

Маълумки, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Шу боис авваламбор рўй бериши мумкин бўлган турли фалокатлар, жаҳон иқтисодиётининг юксалиши ва инқирозини олдиндан кўриш имконини берадиган, ҳар томонлама чуқур ўйланган, аниқ мақсад ва устувор йўналишларни ўз ичига олган тараққиёт дастури ва уни амалга ошириш стратегиясига эга бўлган мамлакат ва халқ пировард натижада муваффақиятга эришади.

Шу муносабат билан алоҳида таъкидлаб айтмоқчиманки, мустақил тараққиётимизнинг ўтган даврида амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилар эканмиз, уларни ҳаққоний баҳолаш ва ислоҳотлар дастурига маълум ўзгартишлар киритиш билан бирга, биринчи навбатда эртанги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш йўлидаги изчил ҳаракатларимизни кучайтиришимиз, уларни янги, янада юқори босқичга кўтаришимиз даркор.

Шу маънода, 1992 йил декабр ойида қабул қилинган, мамлакатимизнинг демократик тараққиётини таъминлаш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий принципларини белгилаб берган Конституциямизнинг қоида ва нормаларига таяниш алоҳида аҳамият касб этади. Бу борадаги ишларимиз 2001 йилдан 2010 йилгача бўлган кейинги 10 йил давомида янада фаоллашиб, кўлами ва миқёси тобора кенгайиб бормоқда.

Натижада бугунги кунга келиб биз ўз олдимизга қўйган асосий мақсадимизга эришдик, деб айтиш учун барча асосларимиз бор.

Бунинг тасдиғини мамлакатимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш жараёни ҳеч қачон ортга қайтмайдиган, қатъий ва изчил тус олгани, одамларимиз ўзгариб, уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги ошаётгани, онгу тафаккури юксалиб, ён-атрофда бўлаётган барча воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси, эртанги кунга ишончи ортиб бораётгани мисолида кўриш, англаш қийин эмас.

Юртдошларимизнинг, бутун жамиятимизнинг ҳаётидаги ана шундай ўзгариш ва янгиланишлар, ўз моҳият эътиборига кўра, бугунги кунда мамлакатимизнинг тараққиёт ва фаровонлик йўлидан дадил ривожланиб боришини таъминлаётган ҳал қилувчи кучга айланмоқда.

Мустақиллик йилларида босиб ўтган йўлимиз ва тўплаган тажрибамизни холисона баҳолаш, қўлга киритган юксак марраларимизни таҳлил этиш мамлакатимизни тадрижий ва босқичма-босқич ривожлантириш бўйича биз танлаган моделнинг нақадар тўғри эканини ва шу йўлдан бундан буён ҳам оғишмай қатъият билан боришимиз зарурлигини яққол кўрсатмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги йўналишларни демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор вазифалари сифатида белгилаш зарур, деб ўйлайман.

I. Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш

Маълумки, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ўта муҳим бир мақсадга, яъни ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини кучайтириш, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича ғоят долзарб чора-тадбирларни кўришга қаратилган эди.

Бу жараёнда марказий ижро этувчи ҳокимиятнинг бошқарув тузилмалари ва маъмурий органларнинг вазифаларини ўзгартиришга, уларнинг бошқариш, тартибга солиш ва тақсимлаш борасидаги ваколатларини, хўжалик тузилмалари фаолиятига бевосита аралашувини кескин қисқартиришга катта эътибор берилди. Бошқача айтганда, уларнинг ваколатларини бозор тамойилларига мувофиқлаштириш ва пировард натижада давлатнинг иқтисодиётни бошқаришдаги ролини жиддий камайтириш кўзда тутилган эди.

Бошқарув соҳасини марказлаштиришни чеклаш, бу борадаги вазифаларнинг бир қисмини республика даражасидан вилоят, туман ва шаҳар миқёсига ўтказиш, Ўзбекистонда маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб шакли бўлган маҳалла тизимини шакллантириш масалаларига катта аҳамият қаратилди.

Икки палатали миллий парламентимизни ташкил этиш масаласи бўйича 2002 йил 27 январда ўтказилган референдум якунлари ва шу асосда «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги конституциявий қонуннинг қабул қилиниши қонун чиқарувчи ҳокимиятни тубдан ислоҳ қилишнинг асосларини белгилаб берди.

Бундан кўзланган асосий мақсадлар парламент томонидан ўз ваколатларини амалга ошириш жараёнида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини шакллантириш, қонун ижодкорлигининг сифатини жиддий равишда ошириш, умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг мутаносиблигига эришишдан иборат эди. Бу борада таркиб жиҳатидан асосан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакилларидан ташкил топган юқори палата — Сенатнинг ҳудудлар манфаатларини ифода этиши, қуйи — Қонунчилик палатаси эса ўз фаолиятини доимий профессионал асосда амалга ошириши ҳисобга олинганини айтиб ўтиш лозим.

Таъкидлаш керакки, миллий парламентимизнинг ривожланишида янги парламент ва унинг ҳар бир палатасининг мақоми, ваколатлари ва фаолият механизмлари аниқ белгилаб берилган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги конституциявий қонунларнинг 2003 йилда қабул қилиниши алоҳида аҳамият касб этди.

2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан мамлакат Президенти бир вақтнинг ўзида ижро этувчи ҳокимият бошлиғи эканини белгилайдиган норманинг чиқарилиши ушбу даврдаги муҳим сиёсий-ҳуқуқий воқеалардан бири бўлди. Бугунги кунда Конституциямизнинг 89-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди» деган қоида белгилаб қўйилган.

Илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти эгаллаб турган Вазирлар Маҳкамаси раиси лавозимининг тугатилиши ҳам либераллаштириш ва демократлаштириш йўлида муҳим қадам бўлди. Қабул қилинган қонунларга мувофиқ эндиликда Бош вазир нафақат Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади, балки унга раҳбарлик қилади ва унинг иши самарадорлиги учун шахсан жавоб беради, Вазирлар Маҳкамаси мажлисларига раислик қилади, ҳукумат ҳужжатларини имзолайди, давлат ва хўжалик бошқаруви масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади.

Ҳозирги пайтда мамлакатимиз аҳолисининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онг даражасининг ўсиб бориши, жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларининг жадал ривожланиши, юртимизда кўппартиявийлик тизимининг тобора мустаҳкамланиши давлат ҳокимиятининг учта субекти, яъни давлат бошлиғи бўлган Президент, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасидаги ваколатларнинг янада мутаносиб тақсимланишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни юзага келтирмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф қилинади:

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раисларидан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.

Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамаси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади, Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларига раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради, Ўзбекистон Республикаси қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.

Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида жавобгардир.

Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколат доираси қонун билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловларда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан таклиф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.

Бош вазир номзоди унинг учун тегишлича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда тасдиқланган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Бош вазир тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.

Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми тегишлича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.

Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини лавозимидан озод этиш бўйича қарор қабул қилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади.

Янги Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади.

Олий Мажлис томонидан Бош вазир лавозимига номзод икки марта рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисини тарқатиб юборади».

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига киритилаётган ушбу ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, уларга кўра, Бош вазир лавозимига номзод кўрсатиш ва уни тасдиқлашнинг янада демократик принципларини ифодалайдиган янги тартиби ўрнатилмоқда. Шунингдек, Конституцияга киритилаётган бу ўзгартишларга биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотумини билдириш ҳуқуқи берилмоқда. Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатлари доирасидан чиқарилмоқда.

Таклиф этилаётган яна бир муҳим ўзгартиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96-моддасига тааллуқлидир.

Мамлакат Президенти турли сабабларга кўра ўз вазифасини бажара олмайдиган вазият юзага келган тақдирда ноаниқликка, ушбу моддани турлича талқин этишга йўл қўймаслик мақсадида унинг янги таҳририни қуйидаги мазмунда баён этиш таклиф қилинади:

«Мамлакатнинг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади».

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига зикр этилган тузатишларни киритиш таклиф этилаётгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78- ва 93-моддаларига ҳам тегишли ўзгартишлар киритиш зарурати туғилади.

Жумладан, Конституциянинг 78-моддаси 15-бандини «… шунингдек, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш» деган сўзлар билан тўлдириш керак.

93-модданинг 15-бандига «вилоятлар ҳокимларини ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимини қонунга мувофиқ тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади» деган сўзлардан олдин «Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан …» деган сўзларни киритиш мақсадга мувофиқдир.

93-модданинг 8-бандидан «ижро этувчи ҳокимият девонини тузади ва унга раҳбарлик қилади» деган сўзларни чиқариш тавсия этилади.

93-модданинг 16-бандини «…Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга ҳақли» деган сўзлар билан тўлдириш лозим.

Шунингдек, 93-модданинг 12-бандидан «Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори» деган сўзлардан кейин «унинг ўринбосарлари» деган сўзларни чиқариш ва уларнинг ўрнига «Ҳисоб палатаси раисини» деган сўзларни киритиш ва ундан сўнг матн бўйича «тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади, кейинчалик бу масалаларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади» деган тарзда баён этиш керак.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Биз ҳаммамиз шуни аниқ англаб олишимиз зарурки, сайловларда ютиб чиққан сиёсий партия тақдим этган Бош вазир номзодининг Парламент томонидан кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳақидаги конституциявий тартибнинг белгиланиши, ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотуми институтининг жорий этилиши ва сиёсий тизимни модернизация қилиш жараёнида амалга оширилиши лозим бўладиган бошқа қатор чора-тадбирлар ўз мазмун-моҳияти билан мамлакатимизни ислоҳ этиш ва демократлаштиришнинг янги босқичини бошлаб беради.

Айни вақтда шуни унутмаслигимиз керакки, мазкур ислоҳотларнинг муваффақияти, авваламбор, мамлакатимизни янада демократлаштириш ва либераллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз суръатига, фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятининг юксаклигига ва ўз-ўзидан аёнки, биринчи навбатда сиёсий партияларнинг етуклик даражасига, уларнинг Ўзбекистонимиз тақдири ва келажагига дахлдор бундай улкан масъулиятли ваколатларни ўз зиммасига олишга қай даражада тайёр эканига бевосита боғлиқдир.

II. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш

Қадрли дўстлар!

Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири бу — қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатдир. Бир сўз билан айтганда, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш биз учун ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда.

Айнан шунинг учун ҳам биз мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ислоҳотларнинг мазкур йўналишига алоҳида эътибор қаратганимиз бежиз эмас. Ана шундай ёндашув туфайли бу борадаги ишларнинг кўлами, миқёси ва самарадорлиги кейинги ўн йилликда ниҳоятда кенгайиб, янги босқичга кўтарилганини кўп-кўп мисолларда кўриш мумкин.

Аввало, суд ҳокимиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни собиқ тузумда бўлгани каби қатағон қуроли ва жазолаш идораси сифатидаги орган эмас, балки инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя ва муҳофаза этишга хизмат қиладиган том маънодаги мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий принципни изчил амалга ошириш мақсадида «Судлар тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди, шунингдек, бу даврда жиноят-процессуал, фуқаролик-процессуал қонунчилигига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу эса ўз навбатида суд тизимини ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқариш имконини берганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Айни пайтда судьялик лавозимига номзодларни тақдим этиш, судьяларнинг ваколатини тўхтатиш ва муддатидан олдин тугатиш, уларга нисбатан интизомий иш юритувни қўзғатиш вазифалари Адлия вазирлиги ваколатидан чиқарилгани ҳам бу борада муҳим қадам бўлди.

Бундан ташқари, судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш, хусусан, суд тизими учун кадрлар масалалари билан шуғулланиш вазифаси махсус орган — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига юклатилганини қайд этиш лозим.

Шулар қаторида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида махсус ваколатли тузилма — Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш департаменти ташкил этилди. Бу эса судларнинг уларга хос бўлмаган вазифалардан сезиларли даражада халос бўлиши ва бутун диққат-эътиборини ўзларининг асосий бурчи бўлмиш одил судловни амалга ошириш учун қаратиш имконини берди.

Умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилиб, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилди. Бу ўз навбатида уларнинг жиноят ва фуқаролик ишларини малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўла ва ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари жиддий тарзда кучайтирилди, ушбу кафолатдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришни таъминлаш бўйича катта кўламдаги чора-тадбирлар амалга оширилди.

Айнан ушбу даврда кассация инстанцияси ислоҳ қилиниб, суд ишларини қайта кўришнинг апелация тартиби жорий этилгани ҳам муҳим янгилик бўлди. Мазкур ўзгаришларга мувофиқ эндиликда апелляция инстанцияси ишни янгитдан кўриб чиқишга юбормасдан, уни ўзи тўла ҳажмда кўриб чиқиши мумкин.

Бугунги кунда фуқаролар қонуний кучга кирган биринчи инстанция суд қароридан норози бўлган тақдирда, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кассация инстанциясида, ўз адвокати иштирокида бевосита ҳимоя қилиш имконига эга бўлишди. Шу тариқа фуқароларнинг биринчи инстанция судларининг қарорларига нисбатан шикоятларини яширин, ёпиқ тарзда кўриб чиқиш тартиби батамом тугатилганини таъкидлаш лозим. Амалга оширилган ўзгаришлар таҳлили шуни кўрсатадики, жорий этилган янгиликлар биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш, суд фаолиятида сансалорликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолатига айланди.

Шу борада қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Агар 2000 йилда суд хатоларининг деярли ярми назорат тартибида тузатилган бўлса, 2009 йил якунларига кўра, бундай ҳолатларнинг 85 фоиздан ортиғи апелация ва кассация тартибида бартараф этилган.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичларида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга, одил судловнинг сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Айниқса, 2008 йилда «Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши бу борада ғоят муҳим аҳамият касб этди. Шу асосда амалдаги қонунчилигимизга суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш жараёнининг энг муҳим таркибий қисми бўлган адвокатура мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу қонунга мувофиқ ҳимоячига жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахслардан мутлақо мустақил равишда жиноят иши процессининг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқи берилгани эътиборга сазовордир. 
Шу билан бирга, ҳимоячининг кўрилаётган ишда иштирок этиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ўзига ижозат берилгани тўғрисида ёзма равишдаги тасдиқловчи ҳужжат ва шунингдек, ўз ҳимоясидаги шахс билан учрашиш учун рухсат олиш мажбуриятини белгилайдиган нормалар жиноят-процессуал қонунчилигидан чиқарилди. Эндиликда буларнинг барчаси учун — шунга эътибор беринглар — адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатлик муассасаси томонидан бериладиган ордернинг ўзи кифоядир.

Қонунда адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш, унинг ўз ҳимояси остидаги шахсга нисбатан позициясини ўзгартириш мақсадида ҳар қандай шаклда таъсир ўтказишга қаратилган ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланганини эътироф этиш зарур.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, жиноий-ҳуқуқий соҳадаги сиёсатни такомиллаштиришда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини янада либераллаштириш ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштириш энг муҳим йўналишга айланди.

Ушбу соҳада амалга оширилган чора-тадбирлар, хусусан, 2001 йилда «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилиниши улкан социал ва ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этганини ишонч билан таъкидлаш лозим.

Мазкур қонунга кўра, жиноятларнинг таснифи ўзгартирилди. Бунинг натижасида оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди.

Иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий санкцияни қўллаш имконияти анча кенгайтирилди. Жиноий жазо тизимидан инсонпарварлик тамойилларига мутлақо зид бўлган мол-мулкни мусодара қилиш тарзидаги жазо тури чиқариб ташланди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 11 та моддасига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмаслиги ҳақидаги қоидалар киритилди.

Айтиш керакки, жазо тизимини либераллаштириш бўйича амалга оширилган бундай чора-тадбирларнинг нақадар тўғри бўлганини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда. Ишончим комил, хўжалик ишлари билан боғлиқ жиноий ишлар бўйича одамларни қамаш шарт эмас — бу давлатга жуда қимматга тушади, қолаверса, бундай жазо тури маҳкумларни тарбиялаш ва қайта тарбиялаш вазифасини ҳал қилмайди.

Жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги бундай чоралар натижасида Ўзбекистонда ҳозирги кунда қамоқдагилар сони жаҳон миқёсида энг паст кўрсаткични, яъни ҳар 100 минг нафар аҳолига 166 кишини ташкил қилади. Қиёслаш учун айтиш мумкинки, Россияда бу кўрсаткич 611 кишини, АҚШда 738 кишини ташкил этади. Мамлакатимизда сўнгги ўн йилда озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳбуслар сони икки баробардан кўпроқ камайганининг ўзи ҳам бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларимизнинг қандай ижобий натижалар бераётганидан далолатдир.

Маълумки, Ўзбекистонда 2008 йилнинг январидан бошлаб ўлим жазоси бекор қилинди ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо тури жорий этилди.

Мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилиниши халқаро ҳамжамиятнинг катта эътибор ва эътирофига сазовор бўлгани албатта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик ўта муҳим воқеадир. Нуфузли хорижий экспертларнинг таъкидлашига кўра, ушбу чора ва бу соҳада юқорида кўрсатилган бошқа бир қатор ишларнинг амалга оширилиши билан Ўзбекистонда дунёдаги энг либерал жиноий жазо тизимларидан бири яратилди. Халқаро экспертларнинг бу борадаги қиёсий таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси Германия ва Польшада 5 та, Белгия ва Россияда 6 та, Данияда 9 та, Швецияда 13 та, Францияда 18 та, Голландияда 19 та жиноят тури бўйича тайинланиши мумкин.

Ўзбекистонда эса умрбод озодликдан маҳрум қилиш фавқулодда жазо чораси бўлиб, фақат икки турдаги жиноят, яъни жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм учун тайинланади. Ушбу жазо тури бизнинг мамлакатимизда хотин-қизларга, жиноят содир этган пайтда 18 ёшга етмаган шахсларга ва ёши 60 дан ошган эркакларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

Айтинглар, азиз дўстлар, мана шу олиб келинган далиллар Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин биз қўлга киритган энг катта, энг муҳим ютуқларимиз эмасми? Шу нуқтаи назардан қараганда, юртимизда ҳақиқатан ҳам адолат ўрнатишда жиноят йўлига кирганларга энг одил ҳукм чиқаришда бу мисоллар яққол далил эмасми? Бу масала бўйича ўзгалар, бизга ақл ўргатадиганлар балки биздан ўрнак оладиган вақт келмадими?

Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш, мазкур соҳада суд фаолиятини либераллаштириш бўйича ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилганини таъкидлаш лозим.

Бу борада «Хабеас корпус» институтининг жорий этилиши, яъни 2008 йилдан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилиши принципиал қадам бўлди. Ушбу қарорнинг ўз вақтида ва пухта ўйлаб қабул қилингани бугунги кунда кўпгина амалий мисолларда ўз исботини топмоқда. Мазкур институтнинг амалиётга татбиқ этилиши инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг дахлсизлигини ҳимоя қилишда муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда. Ушбу институт жорий этилган 2008 йилнинг январидан буён судлар томонидан дастлабки тергов органларига 700 мартадан ортиқ ҳолатда мазкур эҳтиёт чорасини қўллаш рад қилингани ҳам буни яққол тасдиқлаб турибди.

Мамлакатимизда жиноий-ҳуқуқий соҳани либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар ҳақида гапирганда, жиноят-процессуал қонунчилигимизга киритилган ўзгартишларга мувофиқ тергов ва шахсни қамоқда сақлаш муддатлари қисқартирилганини таъкидлаш лозим.

Шунингдек, ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётига 2001 йилдан бошлаб ярашув институти киритилди ва у самарали фаолият кўрсатмоқда. Ярашув институтининг талабига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий қилмишни содир этган шахс жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Мазкур институтнинг самарадорлиги ҳамда ўзбек халқининг раҳмдиллик ва кечиримлилик каби кўп асрлик анъаналарига мослиги унинг изчиллик билан кенгайиб боришига асос бўлди. Ҳозирги кунда 53 та жиноят таркиби бўйича ярашув институтини қўллаш имконияти назарда тутилган.

Шу борада яна бир мисолга эътибор берайлик. Ярашув институтининг жорий этилиши натижасида ўтган давр мобайнида 100 минг нафарга яқин фуқаро жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Сўнгги йилларда юртимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш борасида жиддий ишлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, прокуратура фаолиятини ислоҳ қилиш, уни собиқ тузум даврида бўлганидек партиявий элита қўлидаги жазолаш қуроли эмас, балки қонунларнинг қатъий ижро этилишини, мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг изчил ривожланишини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган органга айлантириш бўйича салмоқли ишлар қилинди.

Масалан, 2001 йилда янги таҳрирда қабул қилинган «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ фуқаролар прокурор назорати обектлари қаторидан чиқарилди. Айни пайтда прокуратуранинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш учун масъулияти оширилди.

Шунингдек, суд қарорлари ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи прокуратура ваколатлари доирасидан чиқарилди. Туман ва шаҳар прокурорларининг эса тергов ва айбланувчини қамоқда сақлаш муддатларини узайтириш ҳуқуқлари бекор қилинди.

Бугунги кунда сиёсий, иқтисодий, давлат-ҳуқуқий муносабатларнинг бутун тизимини модернизация қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этиш бўйича олдимизда турган кенг кўламли вазифалар суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш масаласини кун тартибига қўяётганини биз ўзимизга албатта яхши тасаввур этамиз.

Бу борадаги вазифаларни самарали ҳал қилиш мақсадида қуйидаги ташкилий-ҳуқуқий чораларни амалга ошириш таклиф этилади.

Биринчи. Бундан ўн йил олдин қабул қилинган амалдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририни қабул қилишни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. Яъни, ўтган даврда қонун ижодкорлиги жараёни кенгайгани ва мураккаблашгани, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосланганига ва сифатига нисбатан талаблар сезиларли даражада ошгани бу соҳада қонунийликни таъминлашнинг янги ва янада самарали механизмларини яратишни, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунларга, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эҳтиёжларига мос бўлишини тақозо этмоқда.

Иккинчи. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 29- ва 31-бобларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилади. Бу ўринда судга қадар иш юритув босқичида қўлланадиган чоралар, яъни лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш тартиби назарда тутилмоқда.

Ушбу ваколатларнинг прокурордан суд органларига ўтказилиши суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш, жиноят процессида «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини янада кенгайтириш имконини беради. Энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларининг амалга оширилишини таъминлайди.

Учинчи. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 439-моддасига ўзгартиш киритиш ва унга мувофиқ биринчи инстанция судида иш бўйича айблов хулосасини ўқиб эшиттириш мажбуриятини фақат прокурор зиммасига юклашни назарда тутадиган норма ўрнатиш таклиф этилади. Чунки амалдаги қонунчиликда давлат айбловчиси, яъни прокурорнинг суд мажлисида айблов хулосасини ўқиб эшиттириш бўйича мажбурияти аниқ белгиланмаган. Шунинг учун айблов хулосаси кўпинча судьялар томонидан ўқиб эшиттирилади. Бу эса суднинг вазифа ва мақсадларига мос келмайди. Жиноят-процессуал қонунчилигига юқорида кўрсатиб ўтилган норманинг киритилиши суднинг мустақиллиги, холислиги ва беғаразлигини таъминлашга, жиноят процессида тортишув принципини кучайтиришга хизмат қилади.

Тўртинчи. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 321-моддасидан суднинг жиноят иши қўзғатишга доир ваколатини чиқариш мақсадга мувофиқ бўлур эди. Маълумки, жиноят ишини қўзғатиш аввало суриштирув ва дастлабки тергов органлари, жиноий таъқибни амалга оширадиган бошқа ҳуқуқ-тартибот органларининг вазифаси ҳисобланади. Суддан эса шахсга қўйилган айбловнинг қонуний ва асосли эканини холис баҳолаш талаб этилади.

Ваҳоланки, ҳозирги пайтда суд томонидан жиноят ишини қўзғатиш тарзидаги процессуал ҳаракатнинг амалга оширилиши моҳиятан жиноий таъқибнинг ва ундан келиб чиқадиган барча оқибатларнинг бошланиши ҳисобланади. Бу эса судни жиноий таъқиб иштирокчилари тоифасига киритиб қўяди. Айтиш керакки, бундай амалиёт суднинг олий мақсади бўлган одил судловни амалга ошириш тамойилига мутлақо мос келмайди.

Бешинчи. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш принциплари, асослари, шакл ва услублари, уни олиб борадиган органлар тизимини белгилаб берадиган «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш таклиф этилади. Ушбу қонуннинг мақсади тезкор-қидирув хусусиятидаги тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонунийликка риоя қилишнинг реал ҳуқуқий кафолатларини яратишга йўналтирилган. Бу қонуннинг қабул қилиниши демократик давлатларнинг умумэътироф этилган амалиётига мос келади. Таъкидлаш керакки, бу қонун жиноятлар содир этилишининг дастлабки босқичларидаёқ уларнинг олдини олиш ва ўз вақтида тўхтатиш бўйича чораларнинг самарадорлигини, шунингдек, суриштирув ва дастлабки терговнинг сифатини оширишга хизмат қилади. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, авваламбор, ички ишлар идораларининг бу соҳадаги фаолиятининг янада либераллашувини таъминлашга олиб келади.

Олтинчи. Фаол ривожланиб бораётган демократлаштириш жараёнларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини ҳар томонлама қайта ишлаш ва янги таҳрирда қабул қилиш зарур.

1994 йилда қабул қилинган амалдаги мазкур кодексга ўтган давр мобайнида 60 мартадан кўпроқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Унинг янги таҳрири суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш муносабати билан маъмурий қонунчилик ва жиноий-ҳуқуқий сиёсатда юз берган катта миқёсдаги принципиал ўзгаришларни ўзида тизимли ва кенг кўламли тарзда акс эттириши лозим.

Бунда авваламбор жиноят қонунчилигини тобора либераллаштириш, яъни, айрим қонунбузарлик ҳолатларини жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказишни кўзда тутиш зарур. Кодекснинг янги таҳрирда қабул қилиниши бугунги кунда ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган маъмурий жавобгарликка оид қонунчиликнинг унификациялашувини, яъни бирхиллашувини таъминлайди.

Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўришнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш, демократлаштириш, бу соҳада қонунийликни таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш бўйича чораларни ҳам мазкур кодексда кўзда тутиш лозим.

Еттинчи. Ривожланган демократик давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда, давлат ҳокимияти идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, шу жумладан, прокуратура фаолиятида қонунчилик талабларига риоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича адлия органларининг ролини янада кучайтиришга қаратилган янги ҳуқуқий механизмларни ўрнатадиган ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш талаб этилмоқда.

Адлия органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги соҳаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона давлат сиёсатини ўтказишдаги ролини кучайтириш учун уларга зарур бўлган тегишли ваколатларнинг берилиши мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини яратиш имконини беради ҳамда ушбу органлар фаолиятида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Саккизинчи. Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқдир. Юксак ҳуқуқий маданият — демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик кўрсаткичидир.

Шу муносабат билан, бугунги сиёсий-ҳуқуқий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган мақсадли кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарур. Ушбу дастурнинг амалга оширилиши аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишини, фуқароларда қонунга итоаткорлик туйғусининг янада ортишини таъминлайди, деб ўйлайман.

III. Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш

Муҳтарам юртдошлар!

Бугун биз демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки ҳақида сўз юритар эканмиз, албатта, ахборот эркинлигини таъминламасдан, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантирмасдан туриб, бу мақсадларга эришиб бўлмаслигини ўзимизга яхши тасаввур этамиз.

Маълумки, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши ҳисобланади.

Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида, айниқса охирги 10 йилда оммавий ахборот воситаларини янада либераллаштириш, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Юртимизда аввало оммавий ахборот воситалари ривожини таъминлайдиган, демократик талаб ва стандартларга тўла мос келадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Ушбу даврда оммавий ахборот воситаларини эркин ва жадал ривожлантиришга, ахборот соҳасининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган10 гаяқин қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

«Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳар кимнинг ахборотни эркин ва монеликсиз олиш ҳамда фойдаланиш ҳуқуқларини амалга оширишда, шунингдек, ахборотнинг муҳофаза қилиниши, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Сўнгги йилларда янги таҳрирдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунга, шунингдек, «Телекоммуникациялар тўғрисида», «Реклама тўғрисида», «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу эса янги сиёсий шарт-шароитларда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни таъминлади. Шу билан бирга, нодавлат оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг ахборот соҳасини демократлаштиришда фаол иштирокини таъминлашга қаратилган кенг қамровли институтсионал ислоҳотлар амалга оширилди.

Нодавлат оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида бир қанча жамоат ташкилотлари ташкил қилинди. Ўз таркибида 100 дан ортиқ электрон оммавий ахборот воситасини бирлаштирган Нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди шулар жумласидандир.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг, ахборот технологиялари ва тизимларини қўллаган ҳолда, ахборот ресурсларидан фойдаланиш механизмларини белгилаб берган янги таҳрирдаги «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши оммавий ахборот воситаларини модернизация қилишни жадал ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистонда кейинги йилларда сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали телерадиодастурларни тарқатиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда мамлакатимиз телекоммуникациялар тизими дунёнинг 180 та мамлакатига 28 та йўналиш бўйича тўғридан-тўғри чиқадиган халқаро каналларга эга. Юртимиздаги телерадиоканаллар томонидан тайёрланаётган кўрсатув ва эшиттиришлар Интернет глобал тармоғи орқали реал вақт режимида жаҳонга узатилмоқда.

Дунёдаги етакчи мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш миллий тизимининг такомиллаштирилиши ахборот соҳасидаги фаолиятнинг сифати ва савиясини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тизимида кўп жиҳатдан ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

Бундай кенг миқёсдаги ишлар натижасида фақат кейинги 10 йилнинг ўзида босма оммавий ахборот воситаларининг сони 1,5 баробар, электрон оммавий ахборот воситаларининг сони эса 7 баробар кўпайиб, бугунги кунда уларнинг умумий сони қарийб 1200 тага етди. Мавжуд барча телеканалларнинг қарийб 53 фоизи, радиоканалларнинг эса 85 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда яшайдиган миллат ва элатларнинг 7 та тилида фаолият олиб боради, шунингдек, босма материаллар ва телекўрсатувлар инглиз тилида ҳам тарқатилмоқда.

Яна бир муҳим янгилик эфир орқали узатиладиган материалларни тайёрлаш жараёнига замонавий рақамли ва мултимедиа технологиялари жорий қилинаётганида намоён бўлмоқда. Юртимизда Интернет тизимидан фойдаланувчилар сафи жадал суръатлар билан кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда уларнинг сони 6 миллиондан ортиб кетгани ҳам буни тасдиқлаб турибди.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишларни танқидий баҳолар эканмиз, муҳим бир масалага алоҳида эътибор қаратишимиз зарур, деб ўйлайман. Яъни, бу ўринда гап оммавий ахборот воситалари ва давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларнинг устувор жиҳатларини тўғри белгилаш, жумладан, оммавий ахборот воситалари фаолияти устидан назорат қилишнинг иқтисодий механизмларини, ахборот манбаларининг ёпиқлигини, шунингдек, таҳририятларга ҳокимият органлари ва маъмурий тузилмалар томонидан бўлаётган маълум даражадаги босимларни бартараф қилиш билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал этиш ҳақида бормоқда.

Шу боисдан қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш ўта долзарб аҳамият касб этмоқда:

Биринчи. «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида» Қонун қабул қилиш зарур. Бу ўз навбатида фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кўп жиҳатдан кучайтирган бўлур эди.

Ушбу қонун давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш тартибларини аниқ белгилаб бериши, аҳолининг, жамоат бирлашмаларининг давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, авваламбор фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлар ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор бўлиб боришини таъминлаши лозим.

Мазкур қонуннинг жорий этилиши ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, давлатнинг ички ҳамда ташқи сиёсатининг очиқлиги ва ошкоралигини, мамлакатимиз ва хорижда кечаётган воқеа-ҳодисалар хусусида фикрлар хилма-хиллиги ва сиёсий плюрализмни ҳисобга олган ҳолда, таъминлаши зарур.

Иккинчи. Демократлаштириш жараёнларида аҳамияти тобора ортиб бораётган ахборот коммуникациялари соҳасининг энг муҳим тармоқларидан бири бўлган телерадио тизимини ривожлантиришга қаратилган «Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида» Қонун қабул қилиш ҳақида таклиф киритилмоқда.

Маълумки, ҳозирги вақтда ушбу соҳадаги фаолият оммавий ахборот воситалари, радиочастота спектри, телекоммуникациялар, ахборотлаштириш тўғрисидаги қонунларнинг муайян моддалари билан тартибга солиб келинмоқда.

Шу билан бирга, телерадиоэшиттиришлар соҳасини мустақил қудратли индустрия сифатида қайта ташкил этиш, телерадиоэшиттиришларнинг янги шакл ва турларининг пайдо бўлиши телерадиодастурларни тайёрлаш ва узатиш жараёнида юзага келадиган муносабатларни тизимли ва кенг кўламли равишда тартибга соладиган яхлит қонунни кучга киритиш заруратини туғдирмоқда.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши телерадиодастурларни тайёрлаш ва тарқатиш соҳасида рақобатни янада кучайтириш, телерадиодастурларни узатиш борасида мобил ва рақамли телевидение каби илғор замонавий технологияларни жорий этиш, телеиндустриянинг истиқболли янги тармоқларини ташкил қилиш учун зарур шароитларни яратиш имконини беради.

Бу қонун миллий телерадиоэшиттиришлар тизими фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини ва молиялаштириш манбаларининг эркинлиги ва мустақиллиги каби принципларини белгилаб беришга, радиочастоталарни олиш учун ўтказиладиган танловларнинг демократик ва ошкоралигини таъминлаш, тенг рақобат ва электрон медиа-бозор тармоқларининг монополлашувига йўл қўймаслик учун шароит яратиш ва бошқа бир қатор муаммоларни ечишни назарда тутади.

Учинчи. Оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва мустақиллигини янада мустаҳкамлаш муаллифлик ҳуқуқлари ва интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари ва механизмларини кучайтириш, ахборот соҳасига бозор механизмларини жорий қилиш билан бевосита боғлиқдир.

Ушбу вазифани амалга ошириш учун *«Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида», «Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида»*ги қонунларни қабул қилиш таклиф этилади. Бу қонунлар ахборот бозори иштирокчилари фаолияти самарадорлигини кучайтириш ва уларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, қўшимча иқтисодий преференциялар яратиш ва миллий ахборот маконини изчил ривожлантиришни таъминлашга қаратилган бошқа ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.

Тўртинчи. Оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтиришга қаратилган самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш мақсадида *«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»*ги ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилади.

Бунда, хусусан, давлат ва жамоат бирлашмалари ахборот хизматлари, медиа-тузилмалар ишини фаоллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни кўзда тутиш лозим. Оммавий ахборот воситаларининг ахборот олиш юзасидан мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, ахборот олиш соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун юридик ва мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлигини кучайтириш ва бошқа чора-тадбирларни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий механизмлар устида иш олиб бориш зарур.

Шу билан бирга, сиёсий модернизация жараёнларида тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан давлат ва жамият қурилиши тизимида кенг фойдаланиш лозим.

«Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қонун нормаларини янада такомиллаштириш, рақамли телерадиоэшиттириш тизимига ўтиш бўйича тадбирлар давлат дастурининг ишлаб чиқилиши ҳам ушбу вазифани ҳал этишга хизмат қилади. Мазкур дастур рақамли телерадиоэшиттиришлар инфратузилмасини шакллантириш, бу борадаги фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган самарали тизимни яратишга қаратилиши даркор.

Мухтасар айтганда, юқорида зикр этилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши оммавий ахборот воситаларининг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлашга, фуқароларнинг сўз эркинлиги ва танлаш эркинлигини таъминлашга қаратилган конституциявий ҳуқуқларини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга ёрдам беради.

IV. Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш

Эркин сайлов ва ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш принциплари, биринчи навбатда ҳар бир шахснинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқи миллий давлатчилигимиз моделининг асосини ташкил этади. Сайловлар – бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлиқ демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир.

Шу муносабат билан ўтган давр мобайнида юртимизда самарали, демократик сайлов тизимини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида ғоят чуқур ўзгаришлар амалга оширилганини таъкидлаш ўринлидир.

Маълумки, Конституциямизга, шунингдек, «Сайловчилар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунларга 2003 ва 2008 йилларда тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шу билан бирга, ушбу даврда мазкур соҳага оид кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Буларнинг барчаси миллий сайлов тизимининг изчил ва босқичма-босқич либераллашувини, икки палатали парламент сайловларининг қонун талаблари ва умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мукаммал қонунчилик базасининг шаклланишига олиб келди.

Ушбу қонунларда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларнинг фақат кўппартиявийлик асосида ўтказилиши қатъий белгилаб қўйилди. Мамлакат Президенти лавозимига, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни сиёсий партиялар томонидан, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни эса — сиёсий партияларнинг жойлардаги тегишли органлари томонидан кўрсатилиши тўғрисидаги принципиал қоида мустаҳкамланди. Депутатликка номзодларнинг давлат ҳокимияти ижро органлари томонидан кўрсатилиш амалиёти бекор қилинди ва бу мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш йўлидаги принципиал қадам бўлди.

Шу борада сайлов қонунчилигимизга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бўлган, энг ривожланган демократик давлатлар тажрибасида ҳам камдан-кам учрайдиган мутлақ ваколатларнинг Марказий сайлов комиссиясига берилишини кўзда тутадиган ўзгартишларнинг киритилиши ўта муҳим аҳамиятга молик улкан воқеа бўлди. Амалдаги қонунчилигимизга кўра, сайлов кампанияси жараёнига давлат ва ҳокимият тузилмалари, жамоат бирлашмалари томонидан аралашишга қаратилган ҳар қандай уриниш қонун билан тақиқланиши ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.

2009 йилги сайлов арафасида Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича Концепция ишлаб чиқилди. Мазкур Концепция хорижий экспертлар томонидан фуқароларнинг сайлов ва ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш борасидаги конституциявий ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича ноёб ҳужжат сифатида баҳоланган эди. Ҳақиқатан ҳам, ушбу Концепциянинг амалга оширилиши сайловнинг қонун талабларига тўла мувофиқ ҳолда, сиёсий партияларнинг ўта фаол иштирокида, сайлов жараёнига марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аралашувига йўл қўймасдан ўтказилишини таъминлашда ғоят муҳим рол ўйнади.

Бизнинг қонунчилигимизда сайлов кампаниясининг бирон-бир иштирокчиси учун қандайдир алоҳида имтиёз ва преференциялар берилмаслиги белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларига мувофиқ, Президент сайлови, парламент ва давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов ҳозирги вақтда қонун билан белгиланган ягона кунда – уларнинг конституциявий ваколатлари муддати тугайдиган йилнинг декабр ойи учинчи ўн кунлигидаги биринчи якшанба куни ўтказилади.

Айтиш керакки, бизнинг сайлов тизимимиз ривожида 2008 йили сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгартишлар муҳим босқич бўлди. Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринларининг сони 120 тадан 150 тага кўпайтирилди, шундан 135 нафар депутат сиёсий партиялардан сайланади. Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ниҳоятда муҳим ва долзарб аҳамият касб этиб бораётганидан келиб чиққан ҳолда, қуйи палатамиздаги 15 та депутатлик ўрни Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатларга берилди.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига сайлов жараёнининг янада либераллашувини таъминлайдиган бир қатор нормалар киритилди. Жумладан, сайловда иштирок этадиган сиёсий партияларнинг рўйхатдан ўтиши учун ўрнатилган муддат 6 ойдан 4 ойга туширилди.

Айни вақтда сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши учун рухсат бериш масаласини ҳал этиш борасида зарур бўладиган сайловчилар имзосининг миқдори аввалги 50 минг имзо ўрнига 40 минг қилиб белгиланди.

Шунингдек, депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари сони 5 нафардан 10 нафаргача кўпайтирилди. Шулар қаторида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сиёсий партиянинг «ваколатли вакили» деган янги институт киритилди, унга имзо варақаларининг тўғри тўлдирилишини текширишда, сайлов участкаларида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

Яна бир муҳим янгилик — қонун ҳужжатларига сайлов комиссияларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан билан боғлиқ фаолиятида ошкораликни кўпроқ таъминлашга қаратилган нормаларнинг киритилишида ўз аксини топди.

Шу асосда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичларида, шунингдек, сайлов кунида овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситалари вакиллари, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан ҳам кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Шуниси эътиборга сазоворки, бизнинг сайлов тизимимиз хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, уларнинг давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги мавқеини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сиёсий партиялардан кўрсатиладиган депутатликка номзодларнинг камида 30 фоизини аёллар ташкил этиши шарт экани тўғрисидаги норманинг киритилгани бунинг яққол тасдиғидир.

2009 йилги сайловлар жараёнида айни ана шу норманинг татбиқ этилиши парламентнинг қуйи палатасига умумий депутатлар сонининг 22 фоизини ташкил этадиган 33 нафар хотин-қиз депутатни сайлаш имконини берди.

Сенат аъзолари этиб сайланганларнинг 15 фоизи аёллардир, маҳаллий вакиллик органларида фаолият кўрсатаётган аёллар эса бугунги кунда жами депутатлар сонининг 20 фоизидан ортиғини ташкил этади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик ўзгаришларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган сайлов тизимимиз мунтазам такомиллашиб бормоқда. Шу билан бирга, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи, айниқса, охирги сайловда биз тўплаган тажриба юртимизда сайлов жараёнларини янада демократлаштириш масалаларини кун тартибига қўймоқда.

Шу муносабат билан қуйидаги қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Биринчи. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилади.

Бу авваламбор партиялараро рақобатнинг кучайиши, сайловолди ташвиқотининг шакл ва усуллари тобора турли-туман ва кенг миқёсга эга бўлиб бораётгани билан изоҳланади. Шунинг учун сайлов қонунчилигида сайлов кампаниясининг ушбу муҳим босқичини амалга ошириш жараёнида депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга тенг шароитлар яратиш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилган нормаларни назарда тутиш лозим.

Бундан ташқари, «Сайловолди ташвиқоти» тушунчасининг ўзига аниқ таъриф бериш, бундай ташвиқотни олиб бориш шартлари, турлари, рухсат этилган шакл ҳамда усулларини қонунчилик йўли билан белгилаб қўйиш зарур.

Яхши биламизки, бундай тажриба турли демократик мамлакатларнинг сайлов қонунчилигида кенг қўлланиб келмоқда.

Иккинчи. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддасига сайловолди ташвиқотини нафақат сайлов куни, балки овоз бериш бошланишидан бир кун олдин ҳам олиб бориш мумкин эмаслиги тўғрисидаги нормани киритиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур норма бир қатор ривожланган хорижий давлатлар қонунчилигида кенг қўлланади. Унинг қонунчилигимизга киритилиши сайловчиларга ўз қарашларини, сиёсий хайрихоҳлигини аниқлаб олиш, бошқача айтганда, уларнинг ким учун ва қандай сиёсий дастур учун овоз бериш масаласида онгли равишда аниқ бир қарорга келиши учун қўшимча вақт берилишига имкон яратган бўлур эди. Қонунчиликнинг ушбу қисмини такомиллаштириш овоз бериш арафасида турли суиистеъмоллик ҳолатлари ва қонун бузилишларининг олдини олиш имконини ҳам беради, албатта.

Учинчи. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддаси ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддасига қўшимчалар киритиш таклиф этилади. Маълумки, жойлардаги участка комиссиялари аксарият ҳолларда қонунчиликда янада аниқ белгилаб қўйишни талаб этадиган турли вазият ва муаммоли ҳолатларга дуч келади. Улардан бири муддатидан олдин овоз бериш тартиб-қоидаси билан боғлиқ муаммодир. Шунинг учун ҳам зикр этилган қўшимчаларнинг киритилиши фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишини, уларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришини, участка комиссиялари фаолияти ошкоралигини таъминлаш ва сайлов қонунчилиги бузилиши мумкин бўлган ҳолатларга йўл қўймаслик борасида навбатдаги қадам бўлур эди.

Тўртинчи. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонунларга “овоз бериш кунига қадар қолган беш кун ичида, шунингдек, овоз бериш куни жамоат фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини ва ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни нашр этиш (эълон қилиш), шунингдек, уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (шу жумладан, Интернет тармоғига) жойлаштириш тақиқланади” деган нормани киритиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Ушбу норманинг юқорида кўрсатилган қонунларга киритилиши сайловчилар ҳуқуқларининг янада таъсирчан ҳимоя қилиниши, муайян номзодга ғаразли муносабатда бўлиш, бу борада сайлов қонунчилиги бузилишининг олдини олиш имконини беради.

Бешинчи. Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Қонунчилик палатаси депутатларини сайлаш бўйича конференсияларида кузатувчиларнинг иштирок этиш ҳуқуқини белгилаб берадиган қўшимча киритиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Юқорида баён этилган қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш мамлакатимизда сайлов эркинлиги ҳуқуқи принципининг тўлиқ жорий этилиши ва сайлов тизимининг янада демократлашувига хизмат қилиши муқаррар.

V. Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш

Азиз дўстлар!

Ўзбекистонимиз босиб ўтган кейинги ўн йиллик давр аҳолимизнинг кенг қатламлари қўллаб-қувватлайдиган турли хил фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг жадал шаклланиши ва ривожланиши даври бўлди.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ Конституциямизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига доир асосий принципларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани барча аҳоли қатламлари манфаатларини акс эттирадиган бундай ташкилотлар кенг тармоқларининг ривожланиши учун қулай шароит яратди.

Бугунги кунда мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида 5100 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда ва бу кўрсаткич 2000 йилга қараганда 2,5 баробар кўпдир. Фуқаролар йиғинлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар сони 10 мингдан ортиқни ташкил этади. Булар қаторида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, «Соғлом авлод учун», «Нуроний» жамғармалари, «Ижод» фонди, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси ва бошқа жамоат ташкилотларини санаб ўтиш мумкин.

Фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда.

Бундай ташкилотларнинг обрўси ошиб, мустаҳкамланиб боргани сари фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги роли жамиятимизда тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда жамоатчилик ва фуқаролик назорати институти жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда.

Мамлакатимизда Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти каби инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва бошқа бир қатор ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. 
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам бу соҳа ривожига бўлган катта эътиборни кўрсатади.

Айтиш керакки, фуқаролик жамияти институтлари тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларини тобора ривожлантириш, уларнинг мустақил иш юритиши ва чинакам мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техникавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қаратилган «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди.

Сўнгги йилларда «Жамоат фондлари тўғрисида»ги, «Ҳомийлик тўғрисида»ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари ривожланишига кўмаклашиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва бошқа қатор ҳужжатлар қабул қилинди ва улар фуқаролик жамияти институтлари ижтимоий фаоллигини кучайтиришда муҳим омил вазифасини бажармоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг«Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қўшма қарори ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Ўз навбатида, Олий Мажлис ҳузурида Жамоат фонди ҳамда таркибига нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоат ташкилотларининг ваколатли вакиллари билан бирга депутатлар, молиявий тузилмаларнинг масъул ходимлари кирган Парламент комиссиясининг ташкил қилиниши ҳам эътиборга сазовордир.

Мазкур комиссиянинг фаолияти «учинчи сектор» деб ном олган фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга давлат буджетидан ажратилган молиявий маблағларни янада очиқ, ошкора, аниқ йўналтирилган ва энг муҳими, демократик асосда тақсимлашни таъминлаш имконини бермоқда. Бу эса нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-техникавий ва иқтисодий негизини мустаҳкамлашга самарали таъсир кўрсатмоқда.

Фақат кейинги уч йилнинг ўзида фуқаролик жамияти институтлари тақдим этган турли ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан 11 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Юртимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик институтлари ролини янада кучайтириш фуқаролик жамиятини шакллантириш, демократлаштириш ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви бўйича ўз олдимизга қўйган мақсадимизни рўёбга чиқаришда ҳеч бир муболағасиз ҳал қилувчи омил эканини, ўйлайманки, кимгадир уқтириб ўтиришга зарурат бўлмаса керак.

Фуқаролик жамияти институтларининг янада ривожланишига эришиш, амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлашда, уларнинг ролини кучайтиришда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этади. Ушбу қонунда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, мамлакатимиз аҳолиси турли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат тузилмалари билан ўзаро муносабатларидаги аниқ чегараларни белгилаш ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш каби масалалар бўйича ҳуқуқий нормалар кўзда тутилиши даркор.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти — маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлаш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бу вазифани ҳал қилишда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқдир. Бунда маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, унинг давлат бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш тизимидаги вазифаларини янада кенгайтиришга жиддий эътибор қаратиш лозим.

Шу билан бирга, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини янада такомиллаштириш бўйича оқсоқоллар ва уларнинг маслаҳатчилари энг муносиб фуқаролар ичидан сайланишини, фуқаролар ижтимоий фаоллигини кучайтиришда маҳалланинг аҳамияти ва роли оширилишини таъминлайдиган чора-тадбирларни назарда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамият, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш фурсати етди. Қонунда жамоатчилик назоратининг турлари, шакллари ва субектларини, назорат предметини, уни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини, шунингдек, мазкур соҳада амалдаги қонун ҳужжатларини ижро этмагани учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги шартларини белгилаб қўйиш зарур.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий ҳаракат дастурини ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга. Ушбу дастур энг аввало ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамиятда инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятни шакллантириш ва шу каби бошқа соҳаларга оид қонунларга риоя этилиши устидан жамоатчилик мониторингини олиб боришга қаратилган чора-тадбирларни ўзида мужассам этиши керак.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига жамият ва давлат қурилиши, ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг турли соҳаларида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳуқуқларини белгилаб берган қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим.

Шулар қаторида соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш ва шу каби катта социал аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича муҳим давлат дастурларини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокининг ҳуқуқий асосини яратиб берадиган қонун ҳужжатлари мажмуасини ишлаб чиқиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, атроф-муҳитни ҳимоя қилишни таъминлаш тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг роли ва ўрнини белгилашга қаратилган «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва бошқа қатор қонун ҳужжатларини қабул қилиш фурсати етди, деб ўйлайман.

VI. Демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш

Муҳтарам юртдошлар!

Барчамизга аёнки, мамлакатимиз мустақил тараққиётининг дастлабки босқичида, яъни 1991 йилдан 2000 йилгача бўлган даврда улкан ўзгаришларни амалга оширишда асосий эътиборимиз марказлаштирилган маъмурий-буйруқбозлик тизимига барҳам бериш ва бозор иқтисодиётининг асосларини, авваламбор, қонунчилик базасини шакллантириш учун шароит яратишга қаратилди.

Шу борада қабул қилинган ўта муҳим қонун ва норматив ҳужжатлар қаторида Фуқаролик, Ер, Солиқ ва Божхона кодекслари, «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида», «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида», «Чет эл инвестициялари тўғрисида», «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги қонунларни қайд этиш мумкин.

Ислоҳотларимизнинг кейинги босқичида «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида», «Хусусий корхона тўғрисида», «Валютани тартибга солиш тўғрисида», «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида», «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунлар, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ва иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича умумий ҳисобда 400 дан зиёд қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қабул қилинди ва жорий этилди. Уларнинг барчаси иқтисодиётимизни янада либераллаштириш ва модернизация қилишда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий асос, балки амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг ортга қайтмаслигининг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, холисона таҳлил, ислоҳотларимизнинг мантиқи ва изчиллиги, уларнинг энг замонавий бозор нормаларига мувофиқлигини баҳолаш иқтисодиётни бошқариш тизимини янада чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича жиддий эҳтиёж мавжудлигини кўрсатмоқда.

Биринчи навбатда, хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлашимиз, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизимини яратишимиз зарур. Ҳар бир тадбиркор аввало шуни аниқ-равшан билиб олиши керакки, давлат хусусий мулкдор ҳуқуқларининг ҳимоячисидир. Шунинг учун ҳам тадбиркорлар ўз бизнесига бехавотир инвеститсия киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириши, ўз мулкига ўзи эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этиши лозим. Айни шу мақсадда бозор иқтисодиётининг негизи ҳисобланган хусусий мулкка нисбатан давлат томонидан берилаётган асосий кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур.

Шунингдек, бошқарув тизимини такомиллаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида «Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-қоидалари тўғрисида»ги Қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш муҳим аҳамият касб этади. Бунда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун зарур бўлган рухсат бериш тартиб-қоидаларининг қатъий чекланган рўйхати ва турларини аниқ белгилаб қўйиш, қонунда назарда тутилмаган ортиқча рухсатнома ва рухсат бериш тартиб-қоидаларининг янги турлари киритилишини қонун билан кескин тақиқлаш зарур.

Ўйлайманки, бугунги кунда кичик бизнес ва тадбиркорликни кенгайтириш учун бизнеснинг янги ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида оилавий бизнесни қонуний белгилаб қўйиш вақти келди. Мамлакатимизда бизнесни ташкил қилишнинг ушбу шакли бизнесни юритишда юзага келган миллий анъаналаримизга, хўжалик юритиш фаолиятининг мавжуд ҳолатига тўла мос келади. Ишончим комилки, бундай бизнесни ташкил қилишнинг қонунчилик базаси яратилса, оилавий бизнеснинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида унинг жадал ва кенг ривожланиши ва янги иш ўринларининг очилишига шароит туғилади.

Сизларга яхши маълумки, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида мамлакатимиз молия-банк тизими ўзининг барқарор ва ишончли эканини исботлади. Шу билан бирга, бу тизимнинг янада мустаҳкамланиши хусусий банклар ва хусусий мулкка асосланган лизинг, суғурта компаниялари, кредит уюшмалари, микромолиявий ташкилотлар каби молиявий институтларни ташкил этишнинг қонунчилик асосларини шакллантириш ҳисобидан банк-молия соҳасига хусусий капитални жалб қилиш билан ҳам боғлиқ. Бу эса банк ва бошқа молиявий хизматлар бозорида рақобатнинг кенгайиши ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш сифатининг ошишига имкон беради ва энг юксак халқаро стандартлар талабига мос замонавий бозор инфратузилмасининг ривожланиши учун шароит яратади.

Юртимизда ўтган йиллар давомида бозор иқтисодиёти соҳасидаги ўзгаришларнинг ишончли қонунчилик базасини шакллантириш борасида амалга оширилган улкан ишлар ҳеч кимга сир эмас, албатта. Буларнинг барчасини эътироф этган ҳолда, мавжуд қонунларимизнинг кўпчилигини уларни қўллаш амалиёти ва мамлакатимизда бозор муносабатлари ривожланишининг ҳозирги даврдаги янги реал ҳолатидан келиб чиқиб, жиддий қайта кўриб чиқиш зарур.

Мисол учун, мамлакатимиздаги деярли барча ишлаб чиқариш обектлари акциядорлик компаниялари принципи бўйича ташкил этилган, аммо улар ўз мақомига қай даражада мос ҳолда фаолият юритмоқда ва ўз ҳуқуқларидан қандай фойдаланмоқда, деган саволни ўзимизга бериб кўрайлик. Акциядорлик компаниялари ўзларининг бозор муносабатларига мос мақомига мувофиқ фаолият юритиши учун яна қандай механизмларни ҳаракатга келтириш зарур?

Шу муносабат билан «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунни танқидий қайта кўриб, янги таҳрирда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳамда унда корпоратив бошқарув ва назорат органларининг ваколатлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини янада аниқ белгилаш лозим. Ушбу қонундаги акциядорлик жамиятларининг Кузатувчилар кенгашлари, умумий йиғилишлари, тафтиш комиссияларининг роли ва аҳамиятини ошириш, миноритар, яъни қўлида акцияси кам бўлган акциядорларнинг кафолатларини кўпроқ таъминлаш, барча акциядорларни ва бўлажак инвесторларнинг акциядорлик компаниялари фаолияти тўғрисида ахборот олиш имкониятларини кенгайтиришни кўзда тутиш айни муддао бўлур эди.

Ҳозирги вақтда яна бир муҳим масала — мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес, биринчи навбатда хусусий тадбиркорликнинг роли ва улушини янада кенгайтиришни таъминлай оладиган қонунларни қабул қилиш масаласи биз учун долзарб бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистоннинг бу йилги ялпи ички маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 50 фоиздан ортиб бораётганига қарамасдан, афсуски, бу соҳа реал иқтисодиётимизда, авваламбор саноатда етакчи ўринни эгаллай олмаяпти. Ушбу вазифани ҳал этиш учун «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннин янги таҳририни тайёрлаш зарур. Бу қонунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектларини ташкил қилиш йўлларини соддалаштириш, уларнинг фаолияти учун кўпроқ эркинликлар беришни кўзда тутиш лозим. Ушбу секторни кредитлаш, ресурслардан фойдаланиш, давлат буюртмаларини олиш, тадбиркорлик субектлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларни сотиш учун янги имтиёзлар бериш, халқаро амалиётга мувофиқ даромадларнинг йиллик декларатсияси шаклига босқичма-босқич ўтиш, молия ва статистика ҳисоботлари тизимини янада соддалаштириш, жумладан, бундай ҳисоботларни ваколатли давлат органларига электрон шаклда тақдим этиш каби механизмлар ҳисобидан қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам қонунда ўз аксини топиши даркор.

Ҳаммамиз яхши тушунамизки, бозор муносабатларининг асоси бўлган рақобатни ривожлантиришда монополияга қарши қонун ҳужжатлари катта рол ўйнайди. Аммо, амалдаги «Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида»ги Қонун бугунги кунда эскирди ва замон талабларига жавоб бермай қолди. Шуни эътиборга олган ҳолда, «Рақобат тўғрисида»ги янги қонунни ишлаб чиқишимиз ва қабул қилишимиз зарур. Ушбу қонунда монополистик фаолиятни нафақат товарлар бозорида, балки молия бозорларида ҳам тартибга солишни назарда тутиш лозим. Шунингдек, биржа савдоларида ҳам монополияга қарши механизмларни, акцияларни сотиб олиш, қўшиш ва бирлаштириш битимларини тартибга солиш ва назорат қилиш тартиб-қоидаларини соддалаштириш бўйича нормаларни ушбу қонунга киритиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг 80 фоиздан ортиғини нодавлат сектор таъминламоқда. Тан олишимиз керакки, 1991 йилда қабул қилинган«Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун, ўтган давр мобайнида 80 тадан ортиқ қонуности ҳужжати унга уйғунлаштирилганига қарамасдан, бугун қайта кўриб чиқишни ва янги таҳрирда қабул қилишни талаб этмоқда.

Мамлакатимизнинг стратегик муҳим тармоқлари ва корхоналарида акцияларнинг назорат пакети, таъбир жоиз бўлса, «олтин» акцияларни давлат ихтиёрида сақлаб қолган ҳолда, иқтисодиётнинг энг муҳим етакчи тармоқларига хусусий инвесторларни жалб қилиш ва уларда нодавлат сектор улушини янада кенгайтириш зарур. Бунда бўлажак инвесторларнинг барча тоифаларига хусусийлаштириш жараёнларида тенг шароит яратишни таъминлаш, уларда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, хусусийлаштириш битимларининг очиқлиги ва ошкоралигини кўзда тутиш лозим.

Юқорида таъкидлаб ўтилган ғоят муҳим аҳамиятга молик қонунларни такомиллаштириш билан бирга, Ўзбекистонда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг суръати ва мантиқий талабларидан келиб чиққан ҳолда, эркин бозор иқтисодиёти муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган бир қатор қонунлар қабул қилишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. «Кредит бюролари фаолияти ва кредит ахбороти алмашуви тўғрисида», «Гаров реестри тўғрисида», «Риэлторлик фаолияти тўғрисида», «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида», «Инновациялар ва иқтисодиётни модернизация қилиш тўғрисида»ги ва бошқа янги қонунлар шулар жумласидандир.

Яна бир муҳим масала.

Мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг энг муҳим истиқболлари ва устувор йўналишларини белгилаб олар эканмиз, биз ички эҳтиёжнинг ўсишига алоҳида эътибор қаратишимиз керак бўлади. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатларини юмшатишга қаратилган Инқирозга қарши чоралар дастурида ана шундай ёндашув асосида иш тутганимиз ўтган йилларда ўзини тўла оқлади. Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Осиёдаги кўплаб мамлакатлар айнан шундай позицияга амал қилиб келмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, бизнинг яқин истиқболдаги энг муҳим вазифамиз бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш – истеъмол талабини кенгайтириш мақсадида социал соҳани ривожлантириш, меҳнатга ҳақ тўлашни янада ошириш, хизмат кўрсатиш секторини, инфратузилма обектларини ривожлантиришга, транспорт ва коммуникация лойиҳалари амалга оширилишига алоҳида эътибор беришдир.

Муҳтарам мажлис қатнашчилари!

Ҳурматли депутатлар!

Сўзимни якунлар эканман, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг таклиф этилган Концепцияси Ўзбекистонни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш борасида биз қарийб 20 йил олдин бошлаган жараённи давом эттириш бўйича Олий Мажлис томонидан узоқ муддатли аниқ ҳаракат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун асос бўлади, деб ишонаман.

Менинг сизларга мурожаатим, даъватим шуки, бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар жараёни бутун жамиятимиз, саховатли заминимизда яшаётган ҳар қайси инсонни амалий ишларга сафарбар этадиган умумий мақсадга айланиши учун барча имкониятларни ишга солайлик, эл-юртимиз манфаати, она Ватанимизнинг равнақи ва келажаги учун бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилайлик.

Шу йўлда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, ғайрат-шижоат тилайман.